ОАВ: Ўзбекистон 2021 йилга қадар лотин ёзувига тўлиқ ўтади

Ўзбекистон ҳукумати “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонун қоидалари истисносиз ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш чораларини кўради.

Ўзбекистондаги интернет нашрларининг ёзишича, ушбу мақсадда Ҳукумат ва Президент девони тегишли хизмати ўртасида махсус Ҳаракатлар режаси тасдиқланган. Унга кўра, амалдаги қонун ҳамда ҳукумат қарори янада такомиллаштирилади.

Шу билан бирга, тегишли қонунчилик талаблари сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилади.

Ўзбек тилидаги реклама матнлари ва лавҳалари лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилиши таъминланади. 2019 йилнинг июли охирги муддат сифатида кўрсатилган.

Республикада барча идоралар ва муассасалар учун лотин алифбоси бўйича малака ошириш курслари ташкил этилади. Кирилл ёзувидаги ўзбек ва жаҳон адабиётининг мумтоз намуналари ва илмий адабиётлари лотин ёзувида чоп этилади.
Босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида фаолият юритиши тўлиқ таъминланади. Бу 2020 йилнинг охирига қадар тўлиқ уддаланиши керак бўлади.

“Хуллас, Ҳаракатлар режасидаги тадбирлардан шу нарса аён бўладики, 2021 йилдан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш таъминланади”, дейилади хабарларда.