Ўзбeкистонда ислом банк иши ва молияси инфратузилмаси яратилади

Ўзбeкистон Рeспубликаси Прeзидeнтининг “Ўзбeкистон Рeспубликасида ислом банк иши ва молияси инфратузилмасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғррисида” қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳада қайд этилишича, Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда. Банк ва молия хизматлари бозорини таҳлили, фуқаролар ва тадбиркорларда банк фоизларисиз (судхўрликсиз) банк ва молиявий хизматларга бўлган эҳтиёж ва қизиқиш жуда юқорилигини кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, бугунги кунда тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган хизматлар, банк ва мижоз ўртасида молиялаштирилаётган лойиҳанинг муваффақияти бўйича хавф-хатарни мутаносиб равишда тақсимлаш қисмида, фуқаролар ва тадбиркорлар кутаётган натижани бермаяпти, чунки анъанавий банк иши қарздорнинг фаолияти натижаларидан қатъий назар, қарз фоизини ундиришга қаратилган.

Банк ва мижоз ўртасида фойда ва зарарни тенг тақсимлаш уларнинг ҳиссаларига мутаносиб равишда ислом банкчилиги ва молияси тамойилларини қўллаш асосида эришилади, бунда банк ва қарз олувчи лойиҳа муваффақияти ва самарадорлигида тенг ҳуқуқли ва биргаликда манфаатдор шерикларга айланади.

Республикада ислом банкчилиги ва молия тамойилларини зарур инфратузилмасини яратиш, шу жумладан фоизга асосланган тўловларни (рибо) тақиқлаш, фойда ва зарарни тадбиркор билан тенг тақсимлаш, ҳамда исломий молиялаштиришнинг бошқа тамойилларини татбиқ этиш;

суғурта фаолияти (такафул), лизинг фаолияти (ижара), қимматли қоғозлар билан амалиётлар (сукук) ва бошқа исломий молиялаштириш тамойиллари асосида амалга ошириш учун ислом банкчилиги ва молияси инфратузилмаси тамойилларини жорий қилиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритиш бўйича ишларни ташкил этиш;

тегишли меъёрий-хуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш жараёнини тезкор мувофиқлаштириш;

ислом банкчилиги ва молияси тамойилларига асосланган банк молия хизматларининг афзаллик ва имкониятларидан фойдаланишни аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида кенг тарғибот қилиш ҳамда уларнинг анъанавий банк хизматларидан асосий фарқларини тушунтириш чораларини кўриш.

Қарор лойиҳасида айтилишича, Ўзбекистон ислом тараққиёт банкини ташкил этиш кўзда тутилаяпти.

Банк кенг кўламда стандарт чакана хизматлар, шу жумладан экспорт-импортни молиялаштириш, уй-жойни молиялаштириш, тижорий кўчмас мулкни молиялаштириш, лизинг хизматлари, суғурталаш ҳамда қимматли қоғозлар бозорида хизматларни инфратузилмавий бўлинмалари орқали кўрсатади.

Мураккаб тузилмалаштирилган молиявий хизматлар кўрсатувчи, шу каби венчур капиталига инвестициялар киритиш, шунингдек тўғридан-тўғри инвестиция фондлари, ва/ёки хатарларни хеджлаштириш билан шуғулланади.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлар учун “исломий дарчалар” орқали хизмат кўрсатиш мақсадида республика тижорат банкларини қайта молиялаштиради.