Навбаҳор Имамова Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилган илк америкалик журналист бўлди

“Америка овози” телерадиокомпанияси ўзбек хизмати шарҳловчиси Навбаҳор Имамова Ўзбекистонда журналистлик фаолиятини олиб бориш учун расман аккредитациядан ўтказилди. Бу ҳақида АҚШ Давлат департаменти Жанубий ва Марказий Осиё бюроси твиттердаги саҳифасида маълум қилди. “Навбаҳор Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган ягона ва биринчи АҚШ журналистидир. У Ўзбекистонда профессионал ва эркин журналистикани илгари суришда етакчидир”, дейилади мазкур хабарда.

 

Навбаҳор Имамова Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтказилган журналистлар қаторидан ҳам ўрин олган. https://mfa.uz/ru/press/161/

Навбаҳор Имамова “Америка Манзаралари” туркумидаги илк теледастурлар муаллифи. ТВ, радио ва онлайн диктор, продюсер, мухбир ва муҳаррир. “Америка Овози”да 2002 йилдан бери ишлайди. Журналистик фаолиятини 1996 йилда Ўзбекистон радиосининг “Халқаро ҳаёт” редакциясида бошлаган. Жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетида дарс берган. Оммавий ахборот воситалари бўйича бакалаврликни Ҳиндистоннинг Майсур Университетидан, магистрликни эса АҚШнинг Бол Давлат Университетидан (Ball State University) олган. Шунингдек, Гарвард Университетидан (Harvard University) давлат бошқаруви ва лидерлик бўйича магистрлик дипломига эга. Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Қўшқўрғон қишлоғида зиёли оиласида улғайган.