Ўзбекистон сув танқислиги сабабли шоли экин майдонларини кескин қисқартиради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 29 май куни экспорт-импорт, маҳаллий бюджетга қўшимча тушумларни таъминлаш, қишлоқ хўжалигида ғўза парвариши, ғалла ўрими, такрорий экинлар ва сувдан оқилона фойдаланиш каби муҳим тадбирларни самарали ўтказиш билан боғлиқ бугунги кунда ғоят долзарб бўлиб турган масалаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

 

Йиғилишда бу йил мамлакатимизда ёғингарчилик нисбатан кам бўлгани, оқибатда аксарият ҳудудларда сув танқислиги юзага келгани, бундай ҳолат сувдан унумли фойдаланишни тақозо этиши алоҳида таъкидланди.

Шу мақсадда шоли экиладиган майдонларни 162 минг гектардан 94 минг гектарга қисқартириш, сув таъминотида муаммо бўлмаган Сирдарё вилоятидаги 7,5 минг гектар ерни Хоразм вилояти фермерларига, Жиззах вилоятидаги 5,5 минг гектар ерни Қорақалпоғистон фермерларига такрорий экин сифатида шоли экиш учун бериш зарурлиги қайд этилди.

Сув танқислиги кутилаётган Қашқадарё вилоятида такрорий экин майдонлари 30 минг гектарга, Самарқанд вилоятида 42 минг гектарга, Бухоро вилоятида 20 минг гектарга, Навоий вилоятида 14 минг гектарга ва Қорақалпоғистонда 10 минг гектарга камайтирилиши маълум қилинди. Ушбу ҳудудларда сувни кам талаб этадиган мош, ловия ва бошқа озуқабоп экинлар экиш, уларни сув манбаларига яқин ер майдонларига жойлаштириш кераклигига эътибор қаратилди. Ана шу ишларни ўз вақтида, самарали ташкил этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Видеоселектор йиғилишида юртимизда бу йил баҳорнинг салқин ва қуруқ келиши пахта етиштиришда жиддий муаммоларни келтириб чиқараётгани, натижада ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ғўза ривожланиши анча орқада қолаётгани, бу эса унинг парваришига жиддий эътибор қаратишни тақозо этиши ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди. Айниқса, бундай оғир шароитда культиваторлардан юқори даражада самарали фойдаланиш, тупроқни чуқур юмшатиш, майда чопиқ қилиш, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашиш ва назорат ишларига ўта масъулият билан ёндашишни талаб этиши қайд этилди.