Содиқ Сафоев: “Тажрибамда биринчи марта АҚШ Конгрессида олқишдан бошқа гап эшитмадик”

    Шу йилнинг 15 — 17 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ­Америка Қўшма Штатларида илк расмий ташриф билан бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, делегация аъзоси Содиқ САФОЕВ мухбиримизга икки мамлакат ўртасида стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берган мазкур тарихий воқеанинг аҳамияти, ташрифнинг асосий натижалари ҳақида сўзлаб берди.

    — Давлатимиз раҳбарининг ташрифи экспертлар ҳамжамияти, сиёсатшунослар, шу жумладан, Американинг энг етакчи олимлари томонидан тарихий, деб баҳоланмоқда. Эътиборлиси, мазкур ибора илк маротаба Америка томонидан ишлатилгани бежиз эмас. Ўйлайманки, ташриф учун “тарихий” ибораси қўлланилишига етарли асослар бор.

    Авваламбор, бу ташриф Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини халқаро жабҳада, жумладан, Америка Қўшма Штатларида илгари суришда тарихий, яъни ҳали кўп ўрганиладиган, чуқур таҳлил этиладиган сиёсий воқеа бўлди.

    Шуни алоҳида айтиш керакки, сиёсатда, айниқса, ташқи сиёсатда ҳиссиётларга берилиш, субъектив ёндашувлар асосида иш тутиш мумкин эмас. Чунки сиёсий вазиятга реал ва атрофлича баҳо бериб, шу асосда аниқ қадамлар ташлаш керак бўлади. Бу билан нима демоқчиман? Бугун Америка Қўшма Штатлари дунёнинг энг етакчи ҳамда катта таъсирга эга давлатларидан биридир. Хоҳлаймизми-йўқми, бировга ёқадими-йўқми, Америка халқаро молия институтларида, хусусан, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа банки ва шу каби бошқа нуфузли ташкилотларда ҳал қилувчи овозга эга. Қолаверса, АҚШ сиёсий жараёнларда, хавфсизликни таъминлашда, жаҳон иқтисодиётида мавқеи жуда баланд давлат саналади.

    Шунинг учун океанортидаги ушбу давлат билан ҳамма ҳамкорликни йўлга қўйишни истайди, лекин бу жараён жуда мураккаб бўлиб, барча ҳам буни уддалай олмайди.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга расмий ташрифи Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасида стратегик шерикликни, биринчи навбатда, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига тўлақонли мос келадиган йўналишларда ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди. Фикримча, ташрифнинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, дунёда, жумладан, Америкада янги Ўзбекистон вужудга келгани тан олинмоқда. Янги давлат, авваламбор, янги имиджга, янги халқаро обрўга ва янгича ҳурматга эга бўлган давлат деганидир. Муболағасиз айтиш мумкинки, Америкага ташриф, ушбу мамлакат сиёсий элитаси билан ўтказилган музокаралар бунинг яққол тасдиғи бўлди.

    Иккинчидан, Ўзбекистон Президентининг бугунги кунда халқаро миқёсда катта обрўга эга эканлиги, энг етакчи давлатлар раҳбарлари томонидан юқори ҳурмат билан тилга олинаётгани ташрифнинг муваффақиятли ташкил этилишида муҳим роль ўйнади. Бунга, айниқса, АҚШ Конгрессидаги мулоқотлар мисолида гувоҳ бўлдик. Биласизми, АҚШ Конгресси бошқа мамлакатлар қонун чиқарувчи органларидан фарқ қиладиган кучли сиёсий институт ҳисобланади. Бу мамлакатда ички ҳамда ташқи сиёсатга дахлдор барча масала Конгресс тасдиғисиз, мазкур муассаса маъқулламаса, амалга ошмайди. Ҳар қандай дастурларни молиялаштириш, у ёки бу лавозимга кадрлар тайинлашда ҳал қилувчи гапни АҚШ Конгресси Сенати ва Вакиллар палатаси айтади. Масалан, Президентимиз учрашган сенатор Оррин Хэтчни оладиган бўлсак, у АҚШ сиёсий иерархиясида, яъни истеблишментида тўртинчи позицияда туради. У нафақат АҚШ Сенатининг ҳал қилувчи қўмитаси, яъни бюджетни тасдиқлайдиган ва тақсимлайдиган қўмита раиси, шу билан бирга, АҚШ Сенати раиси ўринбосари саналади. Трент Келли ҳамда бошқа конгрессменлар эса иқтисодиёт, хавфсизлик масалаларида катта мавқега эга сиёсатчилар. Уларнинг Америка ташқи сиёсатига таъсири жуда юқори.

    Президентимиз билан мулоқотда бўлган америкалик сенатор ва конгрессменлар, биринчи галда, Ўзбекистондаги ислоҳотларга, жумладан, давлат бошқарувини такомиллаштириш, демократияни, иқтисодий эркинликни илгари суриш борасидаги ишларга ниҳоятда яхши баҳо беришди. Илгариги тажрибамдан биламанки, Конгрессдаги суҳбатлар, музокаралар жуда оғир ўтар эди. Доимо саволлар, танқидий мулоҳазалар ўртага ташланарди. Бу гал — тажрибамда биринчи марта Америка Қўшма Штатларида олқишдан бошқа гап эшитмадик. Мисол учун, конгрессмен Трент Келли ўтган йили саккиз кишилик делегацияга раҳбарлик қилиб, юртимизга ташриф буюрган эди. У мамлакатимизга узоқдан, юзаки баҳо бермаяпти, балки барча ташкилотлар мутасаддилари билан учрашиб, ўзгаришлар билан яқиндан танишгани асосида ислоҳотлар мислсиз тарзда ривожланиб бораётганини, Шавкат Мирзиёев етакчилигида амалга оширилаётган оқилона, қатъий ҳамда узоқни кўзланган янгиланишларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Америкалик сиёсатчининг айтишича, айнан кенг кўламли ислоҳотлар эвазига Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ишонч аввалги даврлардагига нисбатан кескин мустаҳкамланди.

    Сенатор Хэтч ҳам Ўзбекистон раҳбарини дунёнинг энг йирик сиёсий арбоблари сафида эътироф этди ҳамда Шавкат Мирзиёевнинг довюрак ва пухта сиёсатини қўллаб-қувватлашини билдирди.

    Ўзбекистон тарафи ҳам Конгресснинг АҚШ ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги тутган ўрнини инобатга олган ҳолда, бу муассаса билан тизимли равишда муносабат ўрнатишга қизиқиш билдирмоқда. Президентимиз АҚШда Ўзбекистон билан парламентлараро алоқаларни илгари суришга қаратилган кокус, яъни ҳамкорлик гуруҳини таъсис қилиш ташаббусини билдирди. АҚШлик конгрессменлар мазкур ташаббусга катта қизиқиш билан қараб, бу таклифни яқин кунларда кўриб чиқажакларини айтишди. Чунки, уларнинг фикрича, мазкур ҳамкорлик механизмидан АҚШ Конгресси ҳам манфаатдордир. Шу сабабли Олий Мажлис ва АҚШ Конгресси ўртасидаги ҳамкорлик гуруҳини тузиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Бу нима учун керак? Авваламбор, ушбу механизм икки томонлама парламентлараро мулоқотни, ўз навбатида, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда икки томон учун манфаатли масалаларни муҳокама қилишда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, маълумки, ташриф доирасида 12 та муҳим ҳужжатга қўл қўйилди. Очиғи, бунақаси ҳеч қачон бўлмаган. Ўз-ўзидан икки томонлама муносабатларимизнинг ҳуқуқий пойдевори салмоқли равишда кенгайди. Буни ҳаётга татбиқ этишда парламент назоратининг роли беқиёс. Парламентлараро дўстлик гуруҳининг тузилиши, шубҳасиз, Америка ва Ўзбекистондаги муносабатларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади.

    Хулоса ўрнида айтганда, ўзаро муносабатлардаги тарихий воқеа бўлган мазкур ташриф миллий манфаатларимизга уйғун равишда икки томонлама ҳамкорликни янги поғонага кўтариши, шубҳасиз.