Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев лавозимидан озод қилинди 

Ботир Раҳматович Парпиев Давлат солиқ қўмитаси раислигидан олиниб, янги вазифага тайинланган. Бу ҳақда «Xabar.uz» манбаси хабар бермоқда.

Бизга маълум қилишларича, у Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган. Бугун, 11 май куни у янги жамоасига таништирилган.

— Мен оддий аскарман. Раҳбарият қаерга лозим топса, сидқидилдан ишлашга тайёрман, — деди номзоди тасдиқланган Б.Парпиев. — Хонадонларга кириб одамларнинг дарду қайғуси билан ишлаш, халққа хизмат қилиш катта мукофот. Билдирилган ушбу ишонч менга катта масъулият юклайди.

Эслатиб ўтамиз, 72 ёшли генерал-лейтенант Ботир Парпиев 2004 йил 17 февралдан буён Давлат солиқ қўмитаси раҳбари бўлиб ишлаб келаётган эди. 2002-2004 йилларда Давлат солиқ қўмитаси, 2002 йил июндан декабрга қадар Фавқулодда вазиятлар вазири, 1998-2002 йилларда ички ишлар вазирининг ўринбосари, 1989-1998 йилларда ички ишлар вазирлиги турли раҳбар лавозимларида ишлаган.

У Андижон вилоятида туғилган. Уч нафар фарзанди бор.