Ўзбекистонда “мисли кўрилмаган ва кутилмаган” суди ҳукми: ким қандай фикрда?

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Бобомурод Абдуллаев, Равшан Салаев, Шавкат Оллоёров ва Ҳаётхон Насреддиновга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили маълум қилишича, мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислигида ҳамда уч нафар халқ маслаҳатчисидан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.

2018 йил 7 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Б. Абдуллаев, Р. Салаев, Ш. Оллоёров ва Ҳ. Насреддиновга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, Б. Абдуллаевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси 3- қисми “б” бандида кўзда тутилган жиноятни содир этишда айбдор, деб топди.

“Судланувчига нисбатан жазо чорасини белгилашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ва адолат тамойилларига ҳам асосланди”, дейилади хабарда.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Б.Абдуллаевни Жиноят кодексининг юқорида қайд этилган моддаси бўйича айбдор, деб топди ва Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Газета.uz сайтининг ёзишича, Б. Абдуллаев эҳтиёт чораси сифатида 221 кун қамоқда ушлаб турилди. Бу ҳам Жиноят кодекси талаблари асосида ҳисобга олинади. Унга кўра, ҳар бир кун ахлоқ тузатиш ишларининг ҳар уч кунига тўғри келади. Шу ҳисобда Б. Абдуллаевдан салкам бир йил ахлоқ тузатиш ишларини бажариш талаб қилинади.

Судланувчилар Р. Салаев, Ш. Оллоёров ва Ҳ.Насреддинов юқорида кўрсатилган жиноятни содир этилишига алоқаси бўлмаганлиги сабабли айбсиз, деб топилди ва оқланди.

Б. Абдуллаев, Р. Салаев, Ш. Оллоёров ва Ҳ. Насреддинов суд залида қамоқдан озод этилдилар.

Суд ҳукми зудлик билан интернетнинг ўзбек сегменти, ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланди.

Бундан ташқари, судья Зафар Нурматов Давлат хавфсизлик хизматига хусусий ажрим киритди. “Тергов жараёнида Нодир Тўрақулов раҳбарлигидаги ходимлар ва тергов гуруҳи томонидан йўл қўйилган хатоларга эътибор қаратилсин”, дейилади хусусий ажримда.

“Биз барчамиз айрим далиллар қандай йўллар билан олинганига гувоҳ бўлдик. Суд бунга кўз юма олмайди. ДХХ хизмат текшируви ўтказсин ва Жиноят-процессуал кодексига қатъий риоя этиш бўйича чоралар кўрсин”, деди судья.

Юқорида қайд этилганидек, халқаро ҳамжамият, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар суднинг мазкур қарорини ижобий қабул қилди:

Стив Свердлов, Ҳьюмон Райтс Уотч ташкилотининг Ўзбекистон бўйича вакили:

“Тошкентдан ажойиб янгилик: Тошкент шаҳар суди Бобомурод Абдуллаев, Ҳаётхон Насреддинов ва яна икки нафар айбланувчидан экстремизмга оид айбловни олиб ташлади ва озод қилди. Бу мисли кўрилмаган ва кутилмаган қарордир”.

Журналист Кейт Пац эса “Жуда улкан янгилик. Барчамиз бу суд ишини синов деяётган эдик”, деди.

Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ ташрифи арафасида муҳим янгилик

“Америка овози” телерадиоканали шарҳловчиси Навбаҳор Имомова эса “Ўзбекистонда деярли чорак аср мобайнида тузумга қарши ҳаракатда айбланган инсонлар аксарият ҳолларда оғир жазоларга маҳкум этилгани, маҳкама ёпиқ кечиб, жараён билан боғлиқ саволлар жавобсиз қолгани, айблов асоссиз экани ҳақидаги иддаолар тингланмагани, апелляция тартибида кўриб чиқилганида ҳам ҳукм ўзгармаганини ҳисобга олсак, Абдуллаев ва унинг шериклари иши озодлик билан якун топгани “мисли кўрилмаган ва кутилмаган” янгилик”, дейди.

Унинг қайд этишича, Президент Шавкат Мирзиёев яқин кунларда АҚШга расмий сафар қилади. Оқ уйда Президент Доналд Трамп билан юзма-юз мулоқот қилади. Давлат департаменти, Мудофаа вазирлиги ва Конгрессда ҳам учрашувлар кутилмоқда.

“Мана шундай муҳим ташриф арафасида Тошкентда ҳамманинг эътиборида турган жиноий иш ижобий якун топгани Мирзиёевни Ғарб назарида реал ислоҳотлар қилаётган ва мамлакатини янги йўлдан олиб бораётган раҳбар сифатида кўрсатади”, дейди шарҳловчи.

Швециядаги Фуқаро эркинликлари ҳимоячилари ташкилоти, Франциядаги Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Белгиядаги Инсон ҳуқуқлари учун халқаро ҳамкорлик ташкилоти ҳам Б.Абдуллаев ва унинг шериклари озод этилганини олқишлаб, Ўзбекистонда адлия тизими мустақиллиги ва ҳуқуқ таъминоти бўйича ислоҳотлар жадаллашаверади, дея умид билдирмоқда.