Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи доирасида 8,5 миллиард долларлик битимлар имзоланиши режалаштирилган

Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи арафасида давлат раҳбари матбуот котиби Комил Алламжонов оммавий ахборот воситалари учун брифинг ўтказди.

Унинг қайд этишича, 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга расмий ташрифи бошланади. Давлат раҳбарининг самолёти Вашингтондаги “Эндрюс” аэропортига қўнади. Шавкат Мирзиёевни АҚШ Давлат департаменти раҳбарияти ва бошқа расмий шахслар кутиб олади.

Брифингда маълум қилишларича, Президент Шавкат Мирзиёев 16 май куни Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашади. Музокаралар аввал тор доирада, кейин кенг доирада бўлиб ўтади. Кенг доирадаги музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ расмий делегацияси вакиллари иштирок этади, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Ташриф давомида 40 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилиниши, шу жумладан, умумий қиймати 8,5 миллиард долларлик савдо-иқтисодий ва инвестициявий битимлар имзоланиши режалаштирилган. Бу рақамлар, албатта, ташриф давомида ўзгариши мумкин.

Шу куни кечқурун Ўзбекистон томонидан расмий қабул маросими ўтказилади. Бу ерда АҚШ маъмурияти раҳбарияти, вазирлик ва идоралар, йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этади.

Президентимиз 17 май куни Пентагонга ташриф буюриб, АҚШ мудофаа вазири билан музокара ўтказади. Капитолийда Конгрессменлар ва сенаторлар билан учрашиб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилади.

Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки Президенти билан ҳам учрашиб, мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция жалб этиш бўйича музокара олиб боради.