Ўзбекистон ҳукумат ватандошлар билан ишлашни йўлга қўймоқчи. Қандай мақсадлар кўзланаяпти?

Чет элда истиқомат қилувчи ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича Ўзбекистон давлат сиёсатининг концепцияси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Чет элда истиқомат қилувчи ватандошлар деганда ким тушунилади?

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари. Улар Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида доимий яшаётган бўлиши ёки таълим, меҳнат фаолияти, оилавий ва бошқа сабаблар туфайли хорижда вақтинча бўлиб турган бўлиши мумкин.

Асил ўзбекистонликлар, яъни чет элга кетиб, бошқа давлат фуқароси бўлган, лекин Ватанга маънавий ва маданий дахлдорлик туйғусини сақлаб қолган, Ўзбекистон билан маданий-гуманитар, иқтисодий ва бошқа дўстона алоқаларни ривожлантиришга интиладиган шахслар.

Чет давлат фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар. Бунинг учун улар этник ёки тил ва маданий-тарихий нуқтаи назардан ўзларини ўзбек ёки қорақалпоқ деб билса бўлди. Бунинг учун она-Ватан билан ҳар томонлама алоқа қилишни исташса, бас.

Миллий жамиятлар

Ватандошлар ташаббуслари билан ташкил этилган ҳамда уларнинг манфаатларини ифодалайдиган маданий ва миллий жамоатчилик марказлари, уюшмалар, талабалар жамиятлари, мактаблар, жамғармалар, бизнес ташкилотлари ватандошлар ташкилотлари ҳисобланади. Улар ўзлари яшаётган давлат конституция ва қонунлари доирасида фаолият юритади.

Ўзбекистон ҳукумати ватандошлар билан ишлашда улар яшайдиган мамлакат қонунларини, давлат суверенитети ва мустақиллигини, тенглигини хурмат қилади, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик тамойилларига риоя қилади.

Давлат кимга кўпроқ эътибор қаратади?

Концепция лойиҳасида қайд этилишича, иқтисодиёт, фан, технология, тиббиёт, таълим, маданият ва спорт соҳаларида юксак малакага эга бўлган ҳамда муваффақиятга эришган, таланти ва хизматлари тан олинган ватандошлар билан алоқаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Уларга мамлакат қонунчилигига биноан қуйидаги йўналишларда кўмак берилади:

Ўзбекистон ҳудудига кириш визаларини, жумладан, кўп марталик ва узоқ муддатли визалар, доимий яшаш ҳуқуқи ҳамда мамлакат ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш тартибини соддалаштириш;

Юқори малакали кадрларни Ўзбекистонда катта эҳтиёж бўлган мутахассисликлар бўйича ишга жойлаштириш ҳамда уларнинг ижтимоий, маиший ва бошқа масалаларини ҳал қилишда ёрдам бериш;

Юқори малакали мутахассислардан иборат ватандошларни Ўзбекистондаги ташкилотларда юқори лавозимли ишларга жалб қилиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги олишнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилиш;

Ўзбекистоннинг олий ўқув юртларида чет эллик ватандошлар учун ўзбек тили ва адабиёти, тарихи, маданияти, миллий мусиқа ва театр санъати йўналишлари бўйича грантлар ажратиш;

Ўзбекистон Республикасида ватандошлар оммавий ахборот воситалари вакилларининг аккредитациядан ўтказиш тартибини соддалаштириш.