Президент топшириғи: Ўқитувчини мажбурлаб ишлатишга “хумори” қўзийдиган раҳбарларга чора кўрилади, мактаблар ҳокимликка бўйсунмайди

21 июнь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов раислигидаги халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Daryo.uz сайти ёзишича, Бош вазир ўринбосарлари ҳамда бошқа вазирликлар раҳбарлари қатнашган йиғилишда халқ таълими тизимидаги муаммолар санаб ўтилди.

“Ўқитувчи бир кунда 2—3 соат дарс берса, 4 соат вақтини қоғоз тўлдиришга сарфлайди. Шунинг учун ўқитувчи ўз устида ишлай олмаяпти. Ахборот технологиялари ривожланган даврда яшаяпмиз. Соҳага ахборот технологияларини жорий этиш керак”, — дейди Абдулла Арипов.

Шунингдек, Бош вазир халқ таълими тизимини тубдан ислоҳ қилиш учун вазирликка хорижнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олган, етакчи хорижий ташкилотларда узоқ йиллар меҳнат қилган инсонлар раҳбар этиб тайинлангани, уларнинг олдида катта вазифалар турганини қайд этди.

“Ҳукумат, жамоатчилик вазирликка ҳар томонлама ёрдам бермаса, улар ўз олдиларидаги вазифаларни бажара олмайди”, — дейди Абдулла Арипов.

Абдулла Арипов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш учун берган топшириқларини йиғилиш иштирокчиларига ўқиб берди.

Президентимиз «Ўқитувчини ҳурмат қилмаган раҳбарни мен ҳурмат қилмайман»,— дедилар. Айрим раҳбарлар ўқитувчини мажбурий меҳнатга жалб этишга ўрганиб қолган. Содда тилда айтганда, бунга улардаги «хумор» тутиши сабаб бўлмоқда. Шифокорлар тили билан айтганда «хумор»ни жарроҳлик аралашуви ёрдамида бартараф этишимиз керак.

Қайд этилишича, бундан буён мактаблар туман, вилоят, шаҳар ҳокимликларига эмас, балки тўғридан-тўғри халқ таълими вазирлигига бўйсунади. Энди мактаб директорлари ҳокимликка йиғилишга чақирилмайди.

«Ўқитувчиларга яхши ойлик тўланмагани учун кўпчилик яхши кадрлар бошқа соҳаларда меҳнат қилишга мажбур бўлмоқда. Ўқитувчи касбининг обрўси тушиб кетганлиги боис ҳозир мактабларда деярли эркак ўқитувчилар қолмаган.

Таълим соҳасини молиялаштириш масаласи Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари комплекси  раҳбари Азиз Абдуҳакимовга топширилади. Маблағлардан мақсадсиз фойдаланишга барҳам берилиши керак», — дейди Абдулла Арипов.

Абдулла Ариповнинг таъкидлашича, Президент «Обод мактаб» лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғини берган.

Бош вазир намунали мактаб схемасини ҳам ишлаб чиқиш зарурлигини айтиб ўтди. Қайд этилишича, ҳозирда пойтахтдаги аксарият мактабларда ўқувчилар уч сменада таълим олмоқда.

«Бу нимадан далолат беради? Директорнинг мактабда иш фаолиятини тўғри йўлга қўя олганидан далолат беради. Ота-она фақат унга ишонади ва болаларини шу мактабга беради. Ваҳоланки, 500 метр юрсангиз, ўқувчиларни қамраб олиш даражаси ўта паст бўлган мактаб фаолият юритаётганига гувоҳ бўласиз», — дейди Абдулла Арипов.

Бош вазир мисол тариқасида Юнусобод туманидаги 248-мактабда таълим бериш сифати юқори бўлгани боис, ушбу таълим муассасаси учта сменада фаолият юритишини айтиб ўтди.

Шунингдек, мактабларнинг ҳудудидаги ер участкаларидан унумли фойдаланиш хусусида сўз юритилди.

«Айрим мактаб директорлари мактабга тегишли ер майдонини тадбиркорлик субъектларига ижарага берган. Айримлар ҳатто мактабнинг ерини фуқароларга уй қуриши учун сотиб юборган.

Бундай ер майдонлардан унумли фойдаланса бўлади. Масалан, дарахт экиш мумкин. Ҳар бир ўқувчи биттадан дарахт экиб, вақти-вақти билан сув қуйиб турса, эртага уни сотиш, маблағни мактаб фондига жалб этиш мумкин. Бу билан мен мажбурий меҳнатни тарғиб қилмоқчи эмасман. Айтмоқчи бўлганим, мактаб — ҳар бир ўқувчининг уйи. Мактаб ҳудудини кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш мажбурий меҳнат сифатида қаралмаслиги керак», — дейди Абдулла Арипов.