Кенгайган ШҲТ кучайдими?

    Маълумки, шу йилнинг 8-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Ушбу саммитда билан параллел равишда Канадада ҳам катта еттилик — G7 давлат раҳбарлари саммити ҳам бўлиб ўтди. Дональд Трампнинг саммит декларациясига қўл қўймаганлиги трансатлантик иттифоқнинг дарз кетганини ифодаласа, ШҲТ давлатлари имкон қадар барча масалаларда якдилликни намойиш этишди ёки шунга ҳаракат қилишди.

    ШҲТнинг бу галги саммитининг яна бир муҳим жиҳати, унда илк марта Ҳиндистон ва Покистон тўлақонли аъзо сифатида иштирок этди. Ушбу жуфтликнинг ташкилотга қўшилиши гарчи ташкилотни дунёдаги энг йирик минтақавий тузилмага айлантирса-да, ШҲТ доирасидаги якдиллик масаласини янада мураккаблаштирди, дейиш мумкин. Масалан, Хитой ва Ҳиндистон ўртасида ҳудудий муаммоларнинг мавжудлиги, қолаверса, Ҳиндистон, Япония, АҚШ ва Австралия ўртасида хавфсизлик бўйича мулоқотлар ҳам икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга соя ташламоқда.

    Бундан ташқари, ШҲТга аъзо бошқа барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган “Бир йўл, бир макон” дастури ҳам Ҳиндистон томонидан мамнуният билан қабул қилинмади. Боиси ушбу лойиҳанинг бир қисми Покистондан, аниқроғи Кашмир ҳудудидан ўтиши сабабли ҳам Ҳиндистон мазкур мегалойиҳадан четда қолиб кетаяпти.

    Россия эса сўнгги пайтларда халқаро миқёсда, айниқса, Ғарб мамлакатлари томонидан изоляцияга олинаётгани боис ШҲТнинг тезроқ кенгайиши тарафдори. Чунки ўшанда Москва учун ҳаммаслаклар сафи кенгроқ бўлади. Эрон, Беларусни ташкилотга тезроқ аъзо қилиш ҳақида Россия томони вақти-вақти билан гапириб тургани бежиз эмас. Қолаверса, Хитой билан ШҲТдаги қатор келишмовчиликлар ҳам ўз-ўзидан барҳам топди. Илгари Россия ШҲТ фақатгина Хитойнинг йўриғи ва иқтисодий манфаатларига ўйнаб қолишидан хавфсираб, унинг айрим ташаббусларини қўллаб-қувватламасдан келар эди.

    Циндао декларацияси — ҳаммаси силлиқ

    Саммит якунлари бўйича Циндао декларацияси қабул қилинди. Унга кўра, Американинг савдо урушлари, протекционизм сиёсати, қолаверса, Эрон ядровий дастури бўйича 5+1 битимдан чиққани номи айтилмасдан танқид қилинди.
    Умуман олганда, декларация асосан чиройли ва бирор бир қатъий мажбуриятсиз сўзлар билан бойитилган эди. Масалан, аъзо-давлатлар ўзаро савдо-сотиқ ва инвестицияларда миллий валюталардан фойдаланиш имкониятларини ўрганиб кўришадиган бўлишди. Спорт — тинчлик ва дўстлик элчиси сифатида ШҲТ тамойилларига уйғунлиги қайд этилиб, Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига муваффақият тиланди.

    Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев эса ШҲТ доирасида “инфратузилма соҳасида мегалойиҳалар”ни амалга оширишни таклиф қилди. Масалан, Евроосиё тезюрар темир йўл магистрали ана шундай лойиҳалардан бири. Бу сифатли иқтисодий ўсишга йўл очади, деди у.

    Хитой раҳбари ҳам “уч қабоҳат” — терроризм, экстремизм ва сепаратизмгқа қарши курашишни янада кучайтириш, ўзаро савдо-сотиқни ривожлантириш кераклигига урғу берди. Масалан, у савдо лойиҳалари учун 4 миллиард доллар ажратишини, ШҲТга аъзо давлатлар тадбиркорлари учун Циндаода махсус зона яратиш таклифини билдирди.

    Ўзбекистонга “яшил коридор” керак

    Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг иқтисодий ва гуманитар имкониятларидан кўпроқ фойдаланиш зарурлигига урғу қаратди. “Аввал иқтисод, кейин сиёсат” деганларидек, “ташкилот доирасидаги шерикликни янада ривожлантириш учун ҳали ишга солинмаган улкан имкониятлар мавжуд”лигини кўрсатиб ўтди.

    Биринчидан ва энг асосийси – аҳоли, айниқса, ёш авлодда терроризм ва экстремизм мафкурасига қарши қатъий ва барқарор иммунитетни шакллантириш.

    Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ёшларга мурожаати ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастурининг қабул қилиниши мана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.

    Иккинчидан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва кооперацияни кучайтириш. Президентнинг айтишича, жорий йил бошидан буён Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар, унинг кузатувчилари ва шериклари билан савдо ҳажми ўттиз фоиздан зиёд ошди.

    Ўзбекистоннинг фикримизча, товар айирбошлаш ҳажми янада ошишини таъминлаш учун экспорт-импорт тартиб-таомилларини соддалаштириш зарур.Ўзбекистон, шунингдек, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида агросаноат кластерларини шакллантириш тарафдори.

    Учинчидан, ШҲТ маконининг транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш – стратегик вазифадир. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида минтақалараро транспорт лойиҳаларини амалга ошириш долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз. Бизга жаҳоннинг энг йирик бозорларига элтадиган янги ва энг қисқа йўналишлар керак”, деди Шавкат Мирзиёев.

    Ўзбекистон Мозори Шариф – Ҳирот, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл линияларини қуриш тарафдори. Айнан шу мақсадда Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл бўйича идоралари раҳбарларининг биринчи учрашувини ўтказиш режалаштирилмоқда.

    Тўртинчидан, Инновация дастурлари ва лойиҳаларини ҳамкорликда амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга даъват этамиз.

    “Бизнинг шериклигимиз юқори технологиялар, рақамли иқтисодиёт, муқобил энергетика ва замонавий тиббиётни ривожлантириши ва кенг жорий этишга қаратилиши лозим”, деди у.

    У ҳар йили ШҲТ мамлакатлари ҳукуматлари ва ишбилармон доиралари иштирокида Ахборот технологиялари ва инновацион ривожланиш форумини ўтказишни таклиф этди.

    Хулоса қилиб айтганда, ШҲТ таъсирчан механизмларга, кучга эга бўлмаса-да, аъзо-давлатлар раҳбарлари учун ўзаро мулоқот платформасига, бир тўпланиб, суҳбатлашадиган форумга айланиб бормоқда. Ҳозирча ШҲТнинг энг катта ютуғи шу бўлса ҳам ажаб эмас.