Ўзбекистон инвесторлар учун барча эшикларни очади

Ўзбекистонда “Ўзбекистон Республикасида инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Фармон лойиҳасида инвесторлар кенг имконият ва имтиёзларни яратиш кўзда тутилган.

Лойиҳада айтилишича, инвесторлар билан ишлашда, айниқса жойларда, бюрократик тўсиқ ва ғовлар ҳали ҳам мавжудлиги, инвесторларнинг ташаббусларига барча даражадаги ҳокимларнинг қизиқиш бирдирмаслиги, мазкур йўналишда вазирлик ва идоралар фаолияти аниқ мувофиқлаштирилмаслиги қулай инвестицион муҳитни шакллантириш бўйича давлат сиёсатининг изчиллигига ишончнинг мустаҳкамланишига тўсқинлик қилади.

Зарар албатта қопланади

Шу сабабли 2018 йил 1 августдан шундай тартиб ўрнатиляптики, унга мувофиқ, виждонан ҳаракат қилган инвестор ва тадбиркорлик субъектига давлат органи (мансабдор шахс) томонидан уларга нисбатан қабул қилинган маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониш сабабли келиб чиққан мулкий зарарнинг ўрни қопланади.

Давлат органи (мансабдор шахс)нинг маъмурий ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи , агарда бу виждонан ҳаракат қилган инвестор ва тадбиркорлик субъектининг қонуний манфаатларига алоқадор бўлса, суд тартибида кўриб чиқилади, бундан унинг сақлаб қолиниши жамоат манфаатларига таҳдид солаётган ҳоллар мустасно.

2018 йил 1 сентябрдан бошлаб, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш ҳақидаги қарор фақат ер участкалари олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокамани ўтказишдан, шунингдек фойда ва харажатлар баҳолангандан кейингина йўл қўйилади.

Ер участкаларида жойлашган жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар-жой, ишлаб чиқариш хоналари ва бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қийматини ва олиб қўйиш оқибатида мулкдорларга етқазилган зарарларнинг ўрни тўлиқ қоплангандан кейин йўл қўйилади.

Жисмоний ва юридий шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг қонунга хилоф маъмурий ҳужжатни чиқариши натижасида етказилган зарари давлат томонидан, биринчи навбатда тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари эвазига, қопланади.

Инсофли эгалловчини ҳимоя қилиш принципи жорий этилади, унга мувофиқ инсофли ҳаракат қилган шахсдан мулкни талаб қилиб олиш, агар ушбу шахс мулкни ҳақ эвазига, амалдаги қонунчиликка риоя қилган ҳолда битимни ҳақиқий эмаслик оқибатларини қўлламаган ҳолда олган бўлса, тақиқланади.

Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш фақат қуйидаги мақсадларда йўл қўйилади:

ерларни мудофаа ва давлат хавфсизлиги, мухофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари учун, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва фаолият кўрсатиши учун ажратишда;

халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш заруриятида;

фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқаришда;

автомобиль ва темир йўллари, аэропортлар, аэродромлар, аэронавигация объектлари ва авиатехник марказлар, темирйўл транспорти обектлари, кўприклар, метрополитенлар, тоннеллар, энергетика тизими объектлари ва электрузатиш тармоқлари, алоқа тармоқлари, космик фаолият объектлари, магистрал қувурлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция) қилишда;

аҳоли пунктларининг бош режаларини ижро этишнинг Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуриладиган объектларга, шунингдек, қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларида тўғридан-тўғри кўрсатилган бошқа ҳолларда.

Ер участкаси мулк ҳуқуқи билан сотилади

2018 йил 1 октябрдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасини 50 йилгача узоқ муддатли ижарага бериш механизми йўлга қўйилади.

Кўчмас мулк объектларини (меҳмонхоналар, савдо объектлари, маданий-кўнгилочар комплекслар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, таълим муассасаларини қуриш, тиббий ташкилотлар, йўл инфраструктураси ва б.) қуриш учун ер участкаларидан доимий эгалик қилиш ҳуқуқи сотилади.

Чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар устав фондида чет эл инвестицияларининг минимал миқдорини 30 фоиздан 15 фоизгача туширишга рухсат этилади.

Чет эл инвестицияси иштрокидаги корхона иштирокчиларидан бири албатта хорижий юридик шахс бўлиши шартлиги ҳақидаги талаб бекор қилинади.

Чет эл нвестицияси иштирокидаги корхоналар устав фондининг минимал миқдори 600 млн сўмдан 400 млн сўмгача туширилади.

Чет эл инвестициялар иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори уч бараваргача туширилади.

Акциядорлик жамиятлари устав капиталида чет эллик инвестор улушининг мавжуд бўлиш шарти бекор қилинади.

Акциядорлик жамиятлари устав фондининг минимал миқдори 400 млн сўм қилиб белгиланади.

Давлатнинг нарх белгилаш сиёсати бекор қилинади

Экспорт контрактлари контракт тузилган кунда “Ўзагроэкспорт” АЖ эълон қилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича тузиш, шунингдек, экспорт контракти тузмасдан инвойс асосида ўтказиладиган мева-сабзавот маҳсулотлари божхонада божхона юк декларацияси рўйхатга олинадиган кунда “Ўзагроэкспорт” АЖ расмий веб-сайтида қайд этилган нархлардан паст бўлмаган нархлар бўйича расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.

Инвесторга “Фахрий фуқаролик” берилади

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасида камида 200 минг АҚШ доллари миқдорида инвестицияни:

кўчмас мулк сотиб олиш тариқасида киритса, соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилиш учун яшаш гувоҳномасини олиш;

хўжалик жамиятларининг акция ва улушларини сотиб олиш, шунингдек хорижий корхона ташкил қилиш шаклида киритса, кўп марталик визаларни 3 йилгача бўлган муддатда, уларнинг амал қилиш муддатини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқмаган ҳолда чекланмаган миқдорда узайтириш имконияти билан олиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги мамлакат иқтисодиётининг устувор йўналишларига катта миқдорда инвестиция киритган чет эл фуқароларига “Фахрий фуқаро” унвонини бериш тартиби жорий этилади.