Биометрик бўлмаган паспортнинг амал қилиш муддати узайтирилди

Ўзбекистон фуқаросининг эски намунадаги биометрик бўлмаган паспортининг амал қилиш муддати узайтирилди. Вазирлар Маҳкамаси 30 июнь куни шу ҳақдаги қарорни имзолади, дея хабар қилди Адлия вазирлиги расмий Telegram-каналида.

Қарорга кўра, биометрик бўлмаган паспортининг амал қилиш муддати:

мамлакат ҳудудида 2019 йил 31 декабрга қадар;
чет эл ҳудудида паспортнинг амал қилиш муддатига қадар узайтирилди.

Gazeta.uz сайтининг ёзишича, Ўзбекистон эгаларининг биометрик маълумотлари бўлган паспортлар 2011 йил 1 январдан жорий этила бошлаган эди. Паспортлар 2015 йил охирига қадар тўлиқ алмаштирилиши лозим эди, бироқ бу муддат 2018 йил 1 июлга қадар узайтирилди.

Сўнгги ойларда ИИВ ва унинг бўлинмалари бир неча маротаба паспортини алмаштирмаган фуқаролар жаримага тортилиши (ЭКИҲнинг 0,5 дан 3 баробаригача) тўғрисида огоҳлантирди.

Ўтган ҳафтада эса ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов июнь сўнгига қадар 21,194 миллион фуқаро ёки аҳолининг 94,9 фоизи биометрик паспорт олиб улгурганини маълум қилди.