Ўзбекистонда сўнгги бир йилда 509 минг нафар ёш йигит-қиз узоқ муддатга чел элларга чиқиб кетган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақида ЎзА хабар тарқатди.

Йиғилишда ёшлар билан ишлашда ҳамон камчиликлар мавжудлиги танқид қилинди. Жумладан, катта мақсадлар билан тузилган Ёшлар иттифоқи ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлашга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга етарлича эътибор бермаяпти. Ташкилот ўтказаётган айрим тадбирлар дабдабабозлик, ўзини “кўз-кўз” қилишга ўхшаб қолаяпти. Жойлардаги 4 сектор раҳбарларининг аксарияти ҳали ёшлар масаласи билан фаол шуғулланмаяпти. Ички ишлар идоралари, маҳалла қўмиталари, бошқа жамоатчилик ташкилотлари ва таълим муассасаларининг бу борадаги ишлари қониқарсиз. Туман ва шаҳар ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари жонбозлик кўрсатаяпти, деб бўлмайди. Аксинча, бу масъул лавозимлар айрим ҳолларда вакант бўлиб қолмоқда.

Бунинг оқибатида ёшлар жиноятга қўл уришининг олди олинмаяпти. Жорий йилнинг ўтган даврида содир этилган 17,5 минг жиноятнинг қарийб 31 фоизи ёшлар ҳисобига тўғри келиши бунинг тасдиғидир. Мамлакат бўйича жиноят содир этган 22 минг шахснинг 11 минг нафарини ёшлар ташкил этиб, бу кўрсаткич Андижон, Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, айниқса, юқорилигича қолмоқда.

Қашқадарё вилоятида жиноят содир этган ёшларнинг 70 фоизини ўқимайдиган ва ишламайдиганлар ташкил этган. Бу кўрсаткич Андижон вилоятида 57, Сурхондарё вилоятида 43, Жиззах вилоятида 42 фоизга тенг.

Ёшлар ўртасидаги муаммолар, жумладан, жиноятчиликнинг илдизи аксар ҳолларда ишсизликка бориб тақалади. Жойларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида жиддий муаммолар мавжуд. 1 минг 700 дан зиёд меҳнат ярмаркаси ўтказилганига қарамай, уларда иштирок этган ёшларнинг атиги 5 фоизигина ишга жойлаштирилгани, сўнгги бир йилда 509 минг нафар ёшлар узоқ муддатга чел элларга чиқиб кетгани ишга масъулиятсиз ёндашувдан далолат беради.

Ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилишимиз керак, деди давлат раҳбари.

Айни вақтда ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш учун шароит яратиш, уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислик ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш бўйича Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ тумани ва Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида янги тизим синовдан ўтказилмоқда. Бунинг учун мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар тўғрисидаги батафсил маълумотларни ўзида акс эттирган туман паспортлари ишлаб чиқилди.

Қуйи Чирчиқ тумани мисолида оладиган бўлсак, бу ерда ёшларнинг ҳисоботларда кўрсатилганидек 2,5 минги эмас, балки 6,3 мингдан зиёди ишсиз экани аниқланган. Туман ёшларини қийнаб келаётган муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилган. Ижтимоий-иқтисодий вазият ва ёшларнинг ижтимоий фаоллигидан келиб чиққан ҳолда, тумандаги 37 та маҳалланинг 13 таси “оғир”, 18 таси “қониқарсиз” ва 6 таси “қониқарли” тоифага ажратилиб, уларни босқичма-босқич “яхши” тоифасига ўтказиш бўйича манзилли ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, “Ёшлар меҳнат гузарлари” ташкил этиш учун бино ва ер майдонлари ажратилди, бўш иш ўринлари ярмаркаси ва бошқа тадбирлар натижасида 1 минг 200 дан зиёд ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланди, тадбиркорлик фаолияти учун ёшларга 2,3 миллиард сўм кредит ажратилди.

Ушбу тажриба асосида Ёшлар куни арафасида “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тасдиқланди ва уни барча туман ва шаҳарларда амалга ошириш бошланди. Дастур ижроси учун Ёшлар иттифоқи ҳузурида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ҳамда унинг туман ва шаҳар филиаллари ташкил этилди. Бу тузилма маблағларидан ёшларнинг бизнес лойиҳалари учун йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит берилади. Дастурда ҳар бир туманда ажратиладиган кредит ҳажми ва уни олувчилар сони, кредит бериладиган фаолият йўналишлари, бунинг натижасида яратилиши зарур бўлган иш ўринлари миқдори аниқ белгилаб қўйилган. Шунингдек, ҳар бир фермерга биттадан банд бўлмаган ёшни бириктириш кўзда тутилган.

Ҳокимлар ва сектор раҳбарлари ҳар ҳафта камида икки кун уюшмаган, ҳеч қаерда ишламайдиган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиши, энг аввало, бандлигини таъминлаш чораларини кўриши лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишда ушбу долзарб ишга сенаторлар, Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар депутатларини фаол жалб этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Зотан, халқ вакиллари сифатида депутатлар корпуси ёшлар келажаги учун ҳаммадан ҳам кўпроқ жон куйдириши лозим. Улар жойларда сиёсий партияларнинг ёшлар қанотлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, амалий учрашув ва тадбирлар орқали мазкур Дастур ижросини таъминлашда фаол иштирок этиши, ҳудудларда фаолият олиб борадиган ишчи гуруҳларга амалий ёрдам кўрсатиши зарур.

Вояга етмаган қизлар ўртасида эрта турмуш ва туғруқлар сони кўпайгани билан боғлиқ муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Афсуски, эрта турмуш қуриш ва ажрашиш муаммоси бўйича жойларда фақатгина ота-оналарни айбдор қилиш билан чекланиш ҳоллари кузатилмоқда. Аслида бўлар иш бўлганидан кейин эмас, балки салбий ҳолатларни юзага келтирмаслик учун олдиндан манзилли ишлаш тизимини жорий этиш керак.

Шу муносабат билан Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликларига бу йўналишдаги ишларни танқидий қайта кўриб чиқиш ва таъсирчан чора-тадбирларни белгилаш вазифаси топширилди.