Америкада таҳсил олган Ҳилола Сулаймонова Халқ таълими вазирлигида эксперт-таҳлил кенгаши раиси этиб сайланди

“Global UGRAD” алмашинув дастури иштирокчиси бўлмиш Ҳилола Сулаймоновани Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қошидаги эксперт таҳлили кенгаши раиси бўлиб сайланди.

Сулаймонова Миннесота штатининг Бемиджи университетида жиноий ҳуқуқ соҳасида таълим олган.

DaVinci Management Consulting асосчиси ва ҳамкор бошқарувчиси Ҳилола Сулаймонова шунингдек, Zarplata.uz стартапи асосчиси, муваффақиятли бизнес-тренер, мотивацияли маърузачи, инсон капиталини ривожлантириш соҳаси бўйича 12 йиллик иш тажрибасига эга бизнес консультант ҳисобланади.

Ҳилола моҳир бошқарувчиларни топиш, иқтидорларни жалб қилиш ва ривожлантириш ҳамда HR (human resource management) бошқаруви соҳасида кўп йиллик тажрибага эга экспертдир.

Таъкидлаш жоизки, Эксперт-таҳлил кенгаши консультатив-маслаҳат органи бўлиб, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради, унинг асосий вазифаларидан бири Халқ таълими вазирлиги фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдир.

Консультатив орган вазирлик билан ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, давлат ва хусусий мактаблар маъмирияти, ўқитувчилари, шунингдек, бошқа таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.