АҚШ магистрлик дипломини энди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ҳам олиш мумкин

    Ўзбекистон Президентининг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрига ташрифи якунларига кўра эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Сент-Луис шаҳрида (Миссури штати) Вебстер университети раҳбарияти билан учрашув ва музокаралар ўтказилди.

    Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, мазкур дастурни татбиқ этиш учун шериклар сифатида Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Самарқанд давлат чет тиллар институти жалб этилган.

    Бўлиб ўтган музокаралар давомида Университет раҳбарияти икки томонлама таълим соҳасидаги ҳамкорликни илгари силжишини юқори баҳолади ва Ўзбекистон Президенти билан Нью-Йоркдаги учрашув чоғида олинган мажбуриятларга содиқлигини маълум қилди.

    “Мен Нью-Йорк шаҳридаги қабулда иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим ва ушбу тадбир Ўзбекистон Президентининг мамлакатни ҳар томонлама ривожлантириш ва ўзгартиришга қаратилган улкан режалари, шунингдек, қўйилган мақсадларга эришишдаги қатъияти менда катта таассурот қолдирди”, — деди Вебстер университети президенти Элизабет Стролб.

    АҚШ университети раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий таълим тизимини ислоҳ этиш тўғрисидаги қарорини юқори баҳолади ва мазкур ҳужжат қўшма таълим дастурлари асосида талабаларни ўқитиш ва ўзаро эътироф этиладиган хориж дипломларини олиш имкониятини яратганлигини таъкидлади.

    “Биз Ўзбекистонда юқори малакали кадрларни тайёрлашга қаратилган ислоҳотлар дастурини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз ва ушбу жараёнда университетимиз иштирок этишга тайёрлигини маълум қиламиз”, – дея қайд этди Элизабет Стробл ва Ўзбекистонда филиал фаолиятини бошлаши учун керакли барча шароитлар яратилишига қаратилган Ўзбекистон томонининг саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди.

    Музокаралар якунида Вебстер университети билан ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Ушбу битим Ўзбекистонда Вебстер филиали таъсис этишнинг асосий тамойиллари ва шартлари, жумладан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан биргаликда 2018 йил сентябрь ойидан эътиборан TESL дастурини бошлашни назарда тутади.

    Келишувларга биноан 2018-2019-ўқув йилидан бошлаб 100 га яқин талаба инглиз тилида таълим бериш соҳасида амалий ва касбий билим олиши мумкин. Малакали инглиз тили ўқитувчиларига катта талаб мавжуд шароитда бутун дунёда эътироф этиладиган ушбу диплом ўз эгасига университет, коллеж ва тилга ихтисослашган мактабларда, шу жумладан хорижий таълим муассасаларида муносиб мавқеъга эга бўлиш имконини яратади.

    “Бугунги воқалик Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги таълим муассасалари ҳамкорлигини кенгайтиришда навбатдаги қадам бўлди. Бу эса икки турли таълим тизимини уйғунлаштириш ҳамда маданий мулоқотни мустаҳкамлаш имкониятини яратади”, дея қайд этди Вебстер университети вице-президенти Жулиан Шустер. Унинг фикрига кўра TESL дастурини муфаввақиятли амалга оширилиши ва компютер технологиялари ва бизнес бошқаруви соҳасидаги дастурлар бўйича онлайн ўқитишни синаб кўриш Вебстер университетининг Ўзбекистон таълим бозорига тўла қонли киришини таъминлаш имконини беради.

    Вебстер университети Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очган биринчи АҚШ олий таълим муассасига айланади.

    Fledu.uz сайтининг ёзишича, Вебстер университетининг ЎзДЖТУдаги магистратурасига қабул жорий йилнинг август ойидан бошланади ва бунинг учун бакалавр даражасига эга битирувчилар қуйидаги ҳужжатларни топширишлари лозим: бакалаврлик дипломи, диплом иловасининг нотариал тасдиқланган таржимаси, IELTS – 6 дан кам бўлмаган ёки шунга тенглаштирилган тил билимини баҳолаш бўйича бошқа халқаро сертификат ва CV. Танлов АҚШнинг Вебстер университетида ўқишга талабгорларнинг ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

    Тўлов-контракт пули миқдори АҚШдаги каби 27 минг АҚШ доллари эмас, балки мамлакатдаги халқаро ОТМлар магистрлик даражаси учун тўланаётган қийматга яқин бўлиши мўлжалланган.

    ЎзДЖТУдаги Вебстер унисерситети магистратурасида америкалик мутахассислар билан бир қаторда махсус танловдан ўтган маҳаллий ўқитувчилар ҳам дарс беришади.

    Ушбу магистратура дипломи билан битирувчилар нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё олий таълим муассасаларида дарс бериш имкониятига эга бўладилар.