Бухоролик Садоқат Нью-Йорк полициясига ишга кирган илк ўзбекистонлик бўлди

Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган қиз АҚШ полицияси сафида хизмат қилмоқда. Бу ҳақда “Америка овози” хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, бухоролик Садоқат Мақсудова Нью-Йоркка оиласи билан 2009 йилда кўчиб келган. У бир ярим йиллик кадетлик курсидан сўнг яқинда Нью-Йорк полиция академиясига кирди ва олти ойлик курсни битириб, полиция хизматига ишга қабул қилинди. У хизматни ўзбеклар кўп истиқомат қиладиган Бруклин туманида ўтамоқда.

Унинг бобоси ва бувиси Садоқат Нью-Йорк шаҳри осойишталигини сақлашга ҳисса қўшишидан хурсанд эканликларини билдиришди.

Маълумот берилишича, Нью-Йорк тинчлигини 36 минг нафар полициячи қўриқлайди.