АҚШ Давлат котиби Майк Помпео: Биз Ўзбекистон янада эркин жамият сари ташлаётган қадамларни олқишлаймиз

2018 йилнинг 25 июль куни Америка Қўшма Штатларида амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси делегацияси Вашингтон шаҳрида Миссисипи штатидан сайланган сенатор, АҚШнинг Ҳелсинки комиссияси раиси Рожер Уикер билан учрашди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабар беришича, суҳбат давомида Ўзбекистон – АҚШ кун тартибидаги қатор масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон-АҚШ парламентлараро мулоқотини ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.


Рожер Уикер Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида эришлган Ўзбекистондаги жиддий юксалишни қайд этди. Вашингтон шаҳрида ўтказилаётган Диний эркинликларни илгари суриш масалаларига бағишланган вазирлар конференциясида иштирок этиш учун мамлакатимизни таклиф этиш ташаббускорларидан бири бўлган сенатор Ўзбекистондан нуфузли делегациясининг форумда қатнашишини ижобий баҳолади ва давлатимиздаги ҳаётнинг барча жабҳаларини янада демократлаштиришга қаратилган ва сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлади.

Сенатор Рожер Уикер АҚШ Сенатининг яқинда қабул қилинган қарори муаллифларидан бири бўлиб, ушбу қарорда 2016-йил декабр ойида Ўзбекистондаги пресидент сайловидан буён эътиқод эркинлиги соҳасини яхшилаш бўйича қабул қилинган чоралар, жумладан БМТнинг дин масалалари бўйича махсус вакили тавсияларини бир йил давомида амалга ошириш бўйича Олий Мажлис палаталари маъқуллаган “Йўл харитаси” юқори баҳоланади.

26 июль куни Вашингтон шаҳрида ўтказилаётган Диний эркинликларни илгари суриш масалаларига бағишланган вазирлар конференциясида АҚШ Давлат котиби Майк Помпео маъруза қилиб, Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларни эътироф этган.
“Биз Ўзбекистон янада эркин жамият сари ташлаётган қадамларни олқишлаймиз. Комил ишонч билан таъкидлаймизки, дин эркинлиги бўйича аввалгиларидан кўра юқори даража эканлиги уларнинг мамлакатига, жамиятига ва албатта, динига катта ижобий таъсир кўрсатади”, деди у жумладан.

Суратлар Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобовнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасидан олинди.