Етти нафар ўзбекистонлик мутахассис АҚШда малака оширади

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен 13 июль куни Fulbright Foreign Student, Fulbright Visiting Scholar ҳамда Humphrey Fellowship грант дастурлари орқали Қўшма Штатларга ўқиш ва тадқиқот ўтказиш учун кетаётган етти нафар ўзбекистонлик мутахассис билан учрашди. Бу мутахассислар ҳар йили қабул қилинувчи юзлаб ариза топширувчилар орасидан танлаб олинган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ушбу мутахассислар ва улар бораётган ўқув даргоҳлари билан маълумот берди. Қуйида улар билан танишинг:

– Каллибек Казбеков, Атроф-муҳит муҳандислиги соҳасида Вашингтон давлат университетида магистрликка ўқийди.

– Нозима Шамсиева, Эски Доминион университетида таълим соҳасидаги раҳбарлик бўйича таълим олади.

– Акбаржон Маҳмуджонов, Молиявий иқтисод соҳасида магистрлик учун Оҳайо университетида таълим олади.

– Дилнора Азимова, Соғлиқни сақлаш ва хавф-хатарларни бартараф этиш соҳасида Мичиган давлат университетида магистрлик даражаси олиш учун таҳсил олади.

– Д-р Гулнора Богдалова, Тошкент давлат педагогика университети ўқитувчиси, Пенсильвания давлат университетида 10 ойлик Ҳамфри дастурида иштирок этади.

– Д-р Муроджон Рашитов, Эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази олими, Бостон университетида қалқонсимон без эпидемиологияси бўйича бир йил давомида тадқиқот олиб боради.

– Д-р Тошпўлат Ражабов, Ўзбекистон Фанлар академиясида катта тадқичотчи, Жоржия университетида “Ўзбекистон яйловларини экологик баҳолаш” мавзусида 10 ойлик тадқиқот ўтказади.