Ўзбекистонда АҚШ, Голландия, Янги Зеландия компаниялари иштирокида илк онлайн-университет очилиши мумкин

Ўзбекистонда АҚШнинг UdacityX, Голландиянинг MOOC Inversity, Гонконгнинг CityU MOOK ва Янги Зеландиянинг Open Polytechnics компаниялари билан ҳамкорликда ҳозирча шартли номи «Келажак университети» бўлган илк онлайн-олийгоҳ ишга туширилиши мумкин.

Инновацион ривожланиш вазирлиги маълум қилиишча, ушбу университетда йилига 50 минг талаба ўқиши мумкин бўлиши айтилмоқда (табиий — уйдан чиқмай, компьютер ва интернет орқали таҳсил олиш мумкин бўлганидан кейин ундан ҳам кўпроқ талаба ўқий олади бу университетда).

Кириш имтиҳонларни ташкиллаштириш, хусусан, имтиҳонлар вақтида талабаларни идентификация қилишда Янги Зеландия компанияси ёрдам кўрсатади. Умуман олганда, университет фаолиятининг биринчи йилларида кириш имтиҳонлари бўлмаслиги ҳам мумкин.

«Ўқиш учун тўлов 1,5 миллион сўм атрофида бўлиши муҳокама қилинмоқда», — дейилади лойиҳа ташаббускори ҳисобланган Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборотида.

Статистик маълумотларга қараганда 2016 йили юртимизда 663 минг абитуриент ОТМга ариза топширган, улардан атиги 57,9 минг нафари ўқишга кирган (бу истовчиларнинг 9 фоизини ташкил этади) Бу кўрсаткич Жанубий Кореяда 93 фоизни, АҚШда 85 фоизни, Эронда 71 фоизни, Германияда 68 фоизни, Тожикистонда 28 фоизни Озарбайжонда 25 фоизни ташкил этади.

Бундан ташқари, талабаларни ётоқхоналар билан қамраб олиш даражаси ҳам анчайин паст. Аксарият ОТМларнинг пойтахтимизда жойлашганини инобатга олсак, 73,4 мингта талаба ижарага туришга мажбур. “Келажак университети”нинг очилиши эса ўз навбатида бу муаммони ҳам инобатга олган бўлиб, ҳудудларда зарур ускуналар, компьютер ва бошқа техникалар, Интернетга кириш тизими билан жиҳозланган филиалларининг очилиши назарда тутилган.

Университетнинг бош идорасида ва филиалларида талабанинг шахсини текшириш ва имтиҳонларни топшириш тартибини назорат қилишни таъминлаган ҳолда аттестация имтиҳонлари ўтказилади. Бунда Янги Зеландияда неча йиллар давомида тажрибада синалган тизим жорий этилади.