Ватандошларимиз Изро Малаков ва Муҳаббат Шамаева Тошкентда концерт берди

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида Ўзбекистон халқ артистлари Изро Малаков ва Муҳаббат Шамаева иштирокида концерт бўлиб ўтди. Бу ҳақида ЎзА хабар берди.

Мусиқий дастур олдидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун учрашув ташкил этилди. Миллий мақом санъати ривожи йўлида кўрсатилаётган эзгу саъй-ҳаракатларда мумтоз санъатимиз равнақи йўлида узоқ йилллар мобайнида самарали меҳнат қилган санъаткорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, меҳнатини эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15-17 май кунлари АҚШга расмий ташрифи чоғида ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий меросини дунёда тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун мақом ансамблининг собиқ хонандаси Изро Малаковга Ўзбекистон Республикаси халқ артисти унвони берилгани эълон қилинди. Изро Малаков бундай юксак эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Шу кунларда қутлуғ саксон ёшни қаршилаган устоз санъаткор АҚШда мақом санъати билан бирга ўзбек маданияти, анъаналари, урф-одатларининг энг фаол тарғиботчиси, мумтоз мусиқанинг жонкуяр мураббийи саналади.

Шу кунларда халқимизнинг суюкли хонандалари Изро Малаков ва Муҳаббат Шамаева Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турибди.

– Ўзбекистон – буюк, тўрт фасли тўкис диёр, – дейди И.Малаков. –Бутун дунё таълим-тарбияни Ўзбекистондан ўрганса арзийди. Ўзбекистон халқ артисти унвонига мушарраф бўлганимда ғоят тўлқинланиб кетдим. Президент Шавкат Мирзиёев қисқа вақт мобайнида халқнинг қалбидан ўрин олган, унинг меҳрига сазовор бўлган давлат раҳбари саналади. Ўзбек халқининг меҳнатсеварлиги, тантилиги маълум ва машҳур.

– Ўзбекистондек юрт дунёда йўқ, – дейди М.Шамаева. – Самолётдан тушган заҳотим шу табаррук диёр тупроғини ўпдим. Бу азиз юртнинг обрўси янада юксалишини тилайман.

Концертда Ватан соғинчи, юртдошларга меҳр-муҳаббат, чин инсоний туйғуларни тараннум этувчи қўшиқлар янгради.