Дональд Трамп: “АҚШ Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг қатъий тарафдори бўлиб қолади”

Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келмоқда. Хусусан, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп қутловида шундай дейилади:

“Сизни ва Ўзбекистон халқини катта мамнуният ила Мустақиллик куни билан табриклайман. Америка Қўшма Штатлари мамлакатингиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигининг қатъий тарафдори бўлиб қолади ва биз Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллигини эркин ва жадал ривожланаётган давлат сифатида нишонлаётганингиздан хурсандмиз.

Ўтган 27 йил мобайнида бизнинг муносабатларимиз изчил ривожланди ва шу йил май ойида Сизнинг Оқ уйга тарихий ташрифингиз унинг энг юксак босқичи бўлди. Мен Сиз билан учрашганимдан, минтақадаги умумий таҳдидларни ҳал қилиш учун стратегик шериклигимизга янги суръат бахш этиш имкониятидан мамнун бўлдим. Шунингдек, Сизни сиёсат, иқтисодиёт ва инсон ҳуқуқлари соҳаларида амалга ошираётган, Ўзбекистон халқининг равнақи ва фаровонлиги ҳамда тинч тараққиёт орқали гуллаб-яшнаши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қиладиган кенг кўламли ислоҳотларингиз билан қутлайман.

Биз 1 сентябрь куни шерикликда ўтган йилларимизга миннатдорлик билан назар ташлаймиз ҳамда истиқболда юзага келажак янги имкониятларни орзиқиб кутамиз. Америка халқи номидан Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёти ва демократик юксалиши йўлидаги ишларимизни биргаликда давом эттирамиз, деб самимий ишонч билдиришга ижозат бергайсиз”.