Раддия: Ўзбекистонда VPN ишлатганлик учун жавобгарлик белгиланмайди

Жорий йилнинг 13 август куни Ўзбекистон Республикасининг Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида телекоммуникация тармоқларидан ноқонуний фойдаланганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик татбиқ қилиниши кўзда тутилган ҳужжат лойиҳаси эълон қилинган эди. Ҳужжат лойиҳасида телекоммуникация тармоқларида халқаро мулоқотларни тижорат асосида ноқонуний ташкил қилган шахсларга Жиноят кодексида назарда тутилган жазони ўзгартириш (энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баробаридан 300 баробаригача жарима ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) таклифи илгари сурилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, бу ерда гап халқаро трафиклардаги ўтказмалар тўғрисида бормоқда. Таъкидлаш жоизки, айрим оммавий ахборот воситаларида нотўғри талқин қилинганидек, юқоридаги таклифда шахсий ёки тадбиркорлик мақсадларида ахборот ҳамда ахборот ресурсларидан, шунингдек бунинг учун VPN-тармоқлари, VPN-каналлари, прокси сервердан фойдаланишни чеклаш масаласи кўзда тутилмаган.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш киритиш бўйича илгари сурилаётган таклиф (энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробаридан 20 баробаригача жарима, мансабдор шахсларга эса 20 баробаридан 50 баробаригача, жиноят воситасини мусодара қилган ҳолда) телекоммуникация тармоқларидан ноқонуний (рухсатсиз) фойдаланган шахсларга нисбатан татбиқ қилиш назарда тутилган.

Мисол учун, юқоридаги таклифда бегона Wi-Fi тармоқларидан рухсатсиз фойдаланиш, тармоқ фойдаланувчиларига билдирмасдан тармоқни бузиб кириш ҳамда интернет-трафикдан фойдаланиш каби ўғирликка тенг ҳолатлар кўзда тутилган. Сўнгги вақтларда компьютерлар билан содир этилаётган таҳлилларда Wi-Fi тармоқларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, тартибли фойдаланувчилар бошқалар уларнинг Wi-Fi тармоқларидан фойдаланганликлари учун ҳам ўзлари фойдаланмаган интернет-трафик учун катта миқдордаги тўловларни тўлашларига тўғри келмоқда. Таъкидлаш керакки, таклиф қилинаётган ўзгартириш ва чора-тадбирлар халқаро амалиётга мувофиқ келади ҳамда бир қатор давлатларда, жумладан МДҲда ўз самарасини бермоқда.

Мисол учун, Беларусь, Қозоғистон, Озарбойжон ҳамда бошқа мамлакатларнинг қонунчилигида ҳам худди шундай маъмурий ва жиноий жазо назарда тутилган. Айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 февралидаги қарорига мувофиқ, жамоат жойларида симсиз бепул интернет тармоғи (Wi-Fi ҳудуди) ни ташкил қилган компаниялар бир қатор имтиёзларга эга бўладилар.

Мамлакат ҳудуди бўйлаб Wi-Fi тармоқларининг кенгайиб бориши эса телекоммуникация тармоқларини ҳимоя қилиш чоралирин кўриш, бу йўналишда содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш ҳамда қонун бузилиши бўйича жавобгарликни кучайтиришни тақозо қилади.