Президент амалдорнинг якшанба куни ишга келишини тақиқлади

Бугун, 27 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Президент девони ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

«Kun.uz» сайтининг ўз манбасига таяниб хабар беришича, йиғилишда бир қатор ташкилий масалалар кўрилган. Жумладан, яна бир бор мажлисбозликларга барҳам бериш ҳақида гапирилган.

Президент мажлислар вақтини ҳам камайтириш бўйича топшириқ берган — мажлислар вақти 1,5 соатдан ошмаслиги кераклиги белгиланган. Куннинг ноқулай пайтларида, тонг саҳарлаб ёки ярим кечада йиғилишлар ўтказиш қатъиян чекланиб, йиғилишга бевосита алоқаси бўлмаган корхоналар, идоралар ва жамоат ташкилотларининг раҳбар ва ходимларини, фермер ва тадбиркорлар умуман таклиф этилмайди.

Шунингдек, мансабдор шахслар энди шанба куни соат 17:00гача ишлаб, якшанба куни ишга чиқмайди.

Президент давлат мансабдорлари якшанба кунларида дам олиб, вақтини оиласи билан ўтказиши лозимлигини айтиб ўтган.