Америкада яшайдиган яна бир ватандошимиз Ўзбекистонда янги лавозимга тайинланди

IT-тадбиркор, ахборот технологиялари бўйича бизнес-аналитик, инвестор Бобир Оқилхонов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги «Рақамли ишонч» рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг технологиялар бўйича инвестиция директори этиб тайинланди.

Бу ҳақида Spot.uz сайти хабар берди.

“Биринчи галдаги вазифамиз — профессионаллардан, юқори малакали IT-мутахассислардан иборат командани тўплаш,Ўзбекистонда жамият ҳаётининг турли жабҳаларига “блокчейн” технологияларини жорий этишдир. Инвесторлар, IT-лойиҳалар ва уларни амалга ошириш бўйича катта ишларни амалга ошириш олдимизда турибди”, деди Бобир Оқилхонов.

Бобир Оқилхонов Тошкентда Мирзо Улуғбек номидаги халқаро мактабни тамомлаган, сўнг Австралияда Charles Sturt Universityда ахборот технологиялари бўйича бакалавр босқичида таҳсил олган.

У Billur.com хостинг компаниясининг ҳамтаъсисчиларидан бири, plov.com лойиҳасига инвестиция киритган, kupiotpusk ва Blockcrunch Capital холдинг компаниялари асосчиси ҳисобланади.

«Рақамли ишонч» рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси шу йилнинг 2 сентябрида ташкил этилган бўлиб, қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги, шу жумладан «блокчейн» технологияларини жорий этиш билан боғлиқ лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик шартларида амалга ошириш учун инвесторларнинг маблағларини жалб этиш ва бирлаштириш;

давлат-хусусий шериклик шартларида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, шу жумладан крипто-активлар айланмаси ва крипто-биржалар фаолияти соҳасидаги энг истиқболли ва стратегик муҳим лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, «блокчейн» технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув тадбирлари ва бошқа тадбирларни ўтказиш;

рақамли иқтисодиётни, шу жумладан «блокчейн» технологияларини жорий этиш ва крипто-активлар айланмаси учун платформалар ташкил этиш ҳисобига янада ривожлантириш борасидаги, айниқса, ёшларнинг ташаббуслари (стартаплари)ни қўллаб-қувватлаш;

крипто-активлар айланмаси ва «блокчейн» технологиялари соҳасида етакчи хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ташкил этишда, шу жумладан юқори малакали чет эл мутахассисларини жалб этишда техник кўмакни таъминлаш.

Бобир Оқилхонов 2016 йил майидан бери АҚШда яшайди, бунгача эса ўн йил Австралияда ва олти йил Россияда яшаган.

Бобир Оқилхоновнинг айтишича, айнан тил масаласи АҚШга келган ўзбекистонликлар учун асосий муаммо бўлади. Шунингдек, уй-жой ижараси қиммат бўлиб, бунинг устига мигрантларда умуман мавжуд бўлмаган кредит тарихига боғланган. Шунга қарамасдан, АҚШда кўплаб ўзбекистонликлар яшайди. Оқилхонов таксичилар, тадбиркорлар, шифокорлар, юрист ва банкирлар орасида ўзбекистонликларни кўплаб учратиш мумкинлигини айтди. Нью-Йоркда ўзбек миллий дўконлари ва ресторанларини кўриш ёки Манхэттендаги сартарошхонага кириб ўзбек сартарошини учратиш ҳам мумкин, ҳаттоки ўзбеклар истиқомат қиладиган бутун бошли туманлар ҳам бор.

“Менимча, яқин 10-15 йил ичида бу ерда ўзбекистонликлар сони янада кўпаяди. Ҳозир бу ерда яшаётганларнинг фарзандлари катта бўлишади, ўқишади, ишга киришади. Кўпи билан 20 йилдан кейин АҚШда ўзбекистонликлардан чиққан биринчи миллиардерни кўрсак керак”, — дейди у.

Оқилхоновнинг айтишича, ватандошлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашади, АҚШдаги барча туркий тилларда сўзлашувчиларни бирлаштирувчи ассоциация фаолият кўрсатади, ўзбек бизнес-клублари бор. Фестиваллар, концертлар, турли тадбирлар уюштирилади. Ўзбекистонликлар анъаналарга содиқ қолган ҳолда норасмий учрашувлар ўтказишади — “гап ейишади”.

Шу йилнинг сентябрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШга ташрифи чоғида Нью-Йоркда ватандошлар билан учрашди. Ўзбекистон раҳбари шарафига уюштирилган кечки зиёфатда Оқилхонов ҳам иштирок этди.
“Таассуротларим жуда яхши, кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлаётгани билинди. Мамлакатимиз раҳбарлари барча билан очиқ ва самимий мулоқотда бўлишди”, — деди у.

Ўша учрашувда Мирзиёев хорижда яшаётган барча ватандошларни Ўзбекистонга қайтишга чақирди ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бобир Оқилхоновнинг сўзларига кўра, у ҳозирда Америкадаги лойиҳаларини янада ривожлантиришни кўзлаб турибди, келажакда эса туғилиб-ўсган юрти Ўзбекистонга сармоя киритишни режалаштирган.