Жиззахда прокурор ўринбосари машинада уриб юборган пиёда вафот этди

2018 йил 16 сентябрь куни соат 17:30ларда Жиззах вилояти Арнасой туман прокурорининг ўринбосари Дилшод Каримов отаси Бадриддин Каримовга тегишли “Нексия-1” автомашинасини ишончнома орқали 4Р38 “Жиззах-Учтепа-Навбаҳор” автомобиль йўлининг Пахтакор-Жиззах йўналишининг 16-км.да бошқариб борган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб, «Халқ сўзи» хабар берди.

Хабарда айтилишича, прокурор ўринбосари йўналиши бўйлаб ўзининг ортидан ҳаракатланиб келган “Daimler Benz 210 СПГ” русумли автомашина ҳайдовчиси йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб, уни қувиб ўтиб, кескин тормоз берган ҳолда, уни тўхтатишга ҳаракат қилган. Д. Каримовнинг йўлда ҳаракатланишига тўсқинлик қилинган. Шу сабабли, прокуратура хабарида айтилишича, Д. Каримов бошқарувини йўқотиши натижасида йўлнинг чап томонида жойлашган уйларнинг йўлагига чиқиб кетган ва йўлакда ҳаракатланиб келаётган пиёда Г. Эгамбердиевани уриб юборган.

Фуқаро Г. Эгамбердиева олган тан жароҳатлари натижасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиалида вафот этган.

Судга оид тиббий экспертизасининг бирламчи хулосасига кўра, марҳума Г.Эгамбердиевага етказилган жароҳат оғирлик даражаси бўйича “ҳаёт учун хавфли бўлган” тан жароҳати, деб баҳоланган.

Д. Каримов “бош мия чайқалиши, пешона соҳаси тирналган тан жароҳати ва ўнг елка чиқиши” тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Жиззах филиали нейрохирургия бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан 16.09.2018 йилда ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми, яъни транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлиб келгани айби билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратурасининг 18-бўлими томонидан олиб борилмоқда.