“Ўзбектелеком” Ўзбекистонда Facebook’нинг ишламаётганига алоқаси йўқлигини билдирди

Бир неча кун мобайнида бир қатор фойдаланувчилар Facebook ижтимоий тармоғи ва бошқа веб-ресурсларга киришда муаммоларга дуч келмоқдалар. Facebook вакили узилишлар табиати маҳаллий эмас, балки глобал эканлиги ҳақида расмий баёнот берди: Марказий Осиё ва Шимолий Европадаги бошқа мамлакатларда ҳам шундай муаммолар кузатилмоқда.

Шунга қарамай, бир қатор оммавий ахборот воситаларида ижтимоий тармоқларга миллий оператор томонидан чеклов қўйилганлиги ҳақида маълумот пайдо бўлди.

“Ўзбектелеком“ АК фойдаланувчиларни чалғитувчи ушбу хабарни инкор этади.

“Бугунги кунда «Ўзбектелеком» АК маълумотлар узатиш тармоғи мунтазам равишда ишлаб турибди”, дейилади компания ахборот хизмати тарқатган хабарда.

Kun.uz сайтининг Downdetector маълумотларига таяниб ёзишича, Ўзбекистонда Facebook билан деярли муаммо йўқ, VPN’нинг оммабоплиги ошмоқда.