Ўзбекистон ва АҚШ иқтисодиёт ҳамда молия соҳаларида ҳамкорликни кучайтирмоқда

Шу йилнинг 12 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида бош вазир ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоров ва АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг иқтисод ва бизнес бўйича биринчи ўринбосари Брайан МакФитерс ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен, иқтисод ва бизнес ишлари бўйича Бюро ходими Ян Шеридан, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг вакиллари иштирок этдилар.

Ушбу учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларда ижобий ўсиш кузатилаётгани Б.МакФитерс томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди. У ўз чиқишида шундай деди:

«Ташрифимиздан асосий мақсад бу – мамлакатларимиз ўртасида бошланган янги стратегик шерикчилик босқичини давом эттириш. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги бошланган ҳамкорликнинг янги даврини жуда қадрлаймиз. Очиғини айтганда, сизнинг юртингиз молия – иқтисод соҳасида юз бераётган ўзгаришлар бизни лол қолдирмоқда. Бу солиқ тизими ва хусусий секторда берилаётган имтиёзлар жараёни бўладими, ёки инвестицион соҳада мавжуд улкан имкониятлар бўладими, буларнинг барчасини биз катта қизиқиш билан кузатмоқдамиз».

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15-17 май кунлари АҚШга қилган юқори даражадаги расмий ташрифи чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида миқдори 4,8 млрд долларга тенг 20дан ортиқ шартномалар имзоланди.

Ушбу ташриф ўзаро мулоқотни қайта ривожланишига туртки берди. Ташриф якунлари бунинг яққол далилидир.

Меҳмонларга амалга оширилаётган ислоҳотларнинг истиқболлари борасида маълумот берилди. Хусусан: қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳасини янада такомиллаштириш ва ислоҳ қилиш; маҳсулотлар нархини тартибга солиш.

Шунингдек, томонлар мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамланишини ҳамда конструктив мулоқотни давом эттиришга қаратилган ўзаро интилишни жуда қадрлашларини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

2018 йил 1-ярим йиллиги якунига кўра ўзаро товар айирбошлаш 256,8 млн долларни ташкил этди (экспорт – 14,7 млн доллар, импорт – 241,1 млн доллар).