Ўзбекистонда милициянинг ижобий имиджи яратила бошланди

Ўзбекистонда ички ишлар органлари ходимлари фаолияти ҳақида кенг жамоатчилик ҳар доим ҳам ижобий фикр билдирмаган. Буни, айниқса, Каттақўрғонда аёлнинг камситилиши билан боғлиқ ҳодиса ҳам яққол тасдиқлайди. Ўзбекистон ҳукумати буни чуқур англаган ҳолда милиция ходимларининг имиджини ошириш бўйича бошқотира бошлади. Бу борада илк қадамларни Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ташлаётганини кўриш мумкин.

8 март. Ижтимоий тармоқларда аёл ҳайдовчиларни тўхтатиб, уларга гул туҳфа этаётган йўл-ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ижобий кутиб олинган эди. Буни ички ишлар вазири ўринбосари — шаҳар милицияси бошлиғи Рустам Жўраев ҳам тасдиқлайди. “Ҳар кунлик ишимизни қилсак, яъни одамларни қутқарсак, уларга ёрдам берсак, жиноятларни очиб, уларни бартараф этсак — одатдаги иш бўлиб қолди. Лекин йўл-транспорт хизмати ходимлари 8 март куни гул тарқатса, одамларда умуман бошқача кайфият ва муносабатни кўриш мумкин”, дейди. Иқтибос Gazeta.uz нашридан.

Рустам Жўраев

Қутқарилган ит ҳақидаги хабарни ўн баравар кўп одам ўқийди

Рустам Жўмаев илгари фавқулодда вазиятлар вазири бўлган. Одамларга нима кўпроқ ёқишини билади. “Юқори Чирчиқ туманида ит боши билан трубага тиқилиб қолган экан. Қутқарувчилар унга ёрдам беришди. Одатда бундай ишимиз ҳақидаги хабарни 400-500 киши кўрган бўлса, ит қутқарилгани ҳақидаги хабарни 18 минг киши кўрган. “Бизда Фавқулодда вазиятлар борлиги боракан, билмас экан” деб изоҳ қолдирганлар ҳам бўлди”, деди у март ойида журналистлар билан мулоқотида.

Жорий йил февраль ойида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган Рустам Жўраев шаҳар милициясининг инсоний қиёфасини яратишга киришади. “Биз шаҳар бош бошқармасининг сайтини яна одатий ишларимизни кўрсатиш учун яратмадик. Жарималар, қанча автомобиль жарима майдончасига юборилган ёки олиб қўйилган, аслида, бизнинг одатий ишимиз, лекин ҳаммага ҳам қизиқ эмас. Одамлар биз қилган қандайдир яхши ва эзгу ишлар қизиқ. Бу бошланиши. Биз ўз устимизда, бошқарма сайти устида ишлаймиз. Мақсад ходимларимизнинг имижини кўтаришдир”, деган эди у ўшанда.

“Бомж”га иссиқ кийим, бошпана 

Шаҳар ички ишлар бош бошқармаси фаолияти тубдан ўзгара бошлади. Масалан, ёпиладиган кўчалар ёки йўллар ҳақида олдиндан ахборот берила бошланди, қолаверса, шаҳарнинг у ёки бу нуқтасида юз берган ёнғин, автоҳалокат ёхуд жиноят ҳақида тезкорлик билан хабар бериш йўлга қўйилди.

Ёки Тошкент шаҳрида об-ҳавонинг кескин совиб кетиши муносабати билан, шаҳар ИИББ Патруль-пост хизмати бригадаси шахсий таркиби томонидан, тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликда, шаҳар ҳудудида маълум бир яшаш жойига эга бўлмаган фуқароларга ёрдам кўрсатилди.  Жумладан, 31 январга ўтар кечаси 45 нафар, 1 февралга ўтар кечаси 42 нафар, 2 февралга ўтар кечаси 52 нафар уйсизга ёрдам кўрсатилган.

Милиция ходими ва соқолли киши

Тошкентда кечқурун бесар юрсанг — милиция назарига тушасан. Шубҳали кўринсанг-ку, асти қўяверинг. Ана шундай воқеалардан бири — Ғайратхўжа Сайдалиев билан юз беради.

Унинг ёзишича, оқшом унинг ортида патруль пост хизмати автомобили ўз сиренасини ёқиб, овоз кучайтиргич орқали велосипедни четга олиб тўхташини сўрабди. Патруль пост хизмати 3-батальон, 6-отряд ҳайдовчи-ходим сафдор Акрамжон Ҳайдаров машинадан тушиб, ундан тунда нима қилиб юргани билан қизиқади.

“Бунақа ҳолатларга руҳан тайёргарлик кўриб юрганим учун паспортимни кўрсатиб, дорихона излаб юрганимни айтдим. Паспорт текшируви муваффақиятли якунланганидан сўнг, соқол, костюм-шим-галстук  ва велосипеднинг бир-бирига мос тушиши ёки мос эмаслиги ҳақида суҳбатлашдик”, дейди муаллиф.

Акрамжон Ҳайдаров Ғайратхўжанинг мақсадсиз кўчага чиқмаганини билгач, телефони орқали «Арзон аптека» деган дастурни очиб, у айтган дорини излай бошлабди. “Ишонинг, бу ҳолат мени ҳайратлантирди. Орган ходимларига бўлган ҳурматим ошди, десам муболаға бўлмас”, давом этади у.

Излаган дори Акрамжон Ҳайдаров ёрдамида топилди. Шундан сўнг Ғайратхўжа кетишга тайёргарлик кўра бошлайди. Акрамжон Ҳайдаров «сизни қўйиб юбора олмайман» деб қолади. “Очиғи ичимга бироз хавотир ўрлади. «Ҳарқалай бир-биримизни» тушунгандик-ку, деб ўйладим ҳам”, деб ўйлайди у. «Нега» деб сўрадим. «Сизга ёрдам беришимиз керак. Дорини олиб беришимиз керак» деди.

Улар излаган дорихона бошқа туманда жойлашган экан. Ҳисоблаб кўрилса, 200 метр туман чегарасидан ташқарига чиқиш керак экан. Истисно қилишиб, дорихонага бориб, керакли дориларни олишибди. “Бизни кўрган аптекачи аёлнинг юз қиёфаси алоҳида мавзу. Таажжубга тўла эди, ишонаверинг”, дейди Ғайратхўжа.

Албатта, бу хабарнинг интернетга чиқиб кетиши кимнинг ташаббуси бўлгани ҳақида бирор нарса дея олмаймиз.

Лотереяда ютилган 10 миллион болалар уйига берилди

Сергели туман ички ишлар бошқармаси подполковниги Шуҳрат Бобониёзов лотереядан 10 миллион сўм ютиб олди ва уни болалар уйи тарбияланувчиларига сарфлади, деб хабар беради Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Шуҳрат Бобониёзов лотерея чиптасини сотиб олаётганида агарда у пул ютиб олса, барча пулларни меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига тортиқ қилишини айтган эди. Лотереядан 10 миллион сўм ютиб олганида у раҳбариятдан ўз ташаббусини қўллаб-қувватлашни сўради.

Подполковникнинг лотереядан ҳеч нарса ютиб олмаган сафдошлари ҳам у билан биргаликда меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ёрдам беришга аҳд қилди. Улар Юнусобод туманидаги 23-сонли меҳрибонлик уйи директорига қўнғироқ қилиб, болаларга нима кераклигини сўради.

Болалар ва қизлар сўраган барча нарса: ўйинчоқлар, спорт буюмлари, канселярия буюмлари, кийим, ширинлик ва мевалар харид қилинди. 23 сентябрь, якшанба куни Сергели туман ИИБ ходимлари меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига совғаларни топширди.

Буларнинг барчаси Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси мисолида милиция ходимларининг ижобий имиджини яратиш бўйича ишлар кетаётганидан дарак беради. Умид қиламизки, бу эзгу ишларни бирор ходим нотўғри хатти-ҳаракати билан ҳаво учириб юбормайди.