Фарғоналик Ҳувайдо момо 123 ёшга тўлди

Икки йил аввал Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги Қорақум маҳалласида умргузаронлик қилаётган 123 ёшли Ҳувайдо момо Умаровани «Дунёнинг энг кекса кишиси» сифатида Гиннес рекордлари китобига киритиш ҳақида ижтимоий тармоқларда муҳокамалар авжига чиққанди. Ҳатто ўтган йили Ҳувайдо момонинг исм-фамилияси ушбу китобга қайд этилгани тўғрисида ҳам гап-сўзлар болалади. Андижонлик журналист Миролим Исажонов ушбу овозаларга ойдинлик киритди. Бу ҳақида Daryo ёзади.

Журналист Ҳувайдо момонинг 55 ёшли кенжа ўғли Тўрақул ака Умаров билан суҳбатда бўлди.

— 2016 йили юртимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган «Ким эдиг-у ким бўлдик, эртага қандай юксак марраларни эгаллашимиз керак?» тарғибот тадбирлари Фарғонада ҳам бўлиб ўтаётган пайтда бир гуруҳ санъаткорлар хонадонимизда меҳмон бўлишганди. Ўшанда актёр Алишер Узоқов ва бир қанча таниқли инсонлар онам билан расмга тушиб, ушбу китобга киритиш масаласи ҳақида гапиришганди.

Улар кетганидан кейин уч-тўрт кун ўтгач, онамни зиёрат қиладаганлар кўпайиб қолди. Турли вилоятлардан ҳам юртдошларимиз келишди.

Гиннес рекордлари китобига киритиш ҳақидаги мунозаралардан хабаримиз бор. Лекин ҳали бирор янгилик эшитганимизча йўқ. Бу ҳақда кўплаб журналистлар ва қизиқувчилар турли саволлар билан юзланишяпти. Аммо икки йилдирки, тайинли жавоб келмади. Аслида бунга қизиқсак-да, қаерга мурожаат қилишни, кимлардан аниқ маслаҳат ва хулосалар олишни билмаймиз, очиғи. Ўша жаҳонга машҳур китобдан ҳам насиб қилса ўрин олиб қолар. Асосийси, онам соғ-омон-ку. Шунисига шукр. Умри узун ва зиёда бўлсин!

 

— Волидангизнинг аждодлари орасида ҳам шундай улуғ ёшга кирганлари бўлганми? Бунга ҳеч қизиқиб, онангиздан маълумот олганмисиз?

— Онамнинг айтишича, узоқ умр кўриш уларнинг генида бор экан. Аждодлари орасида ҳам бир асрдан зиёд ҳаёт кечирганлари кўпчиликни ташкил этаркан. Масалан, дадаси Тошмат ота 101 йил, тоғаси Муллақодир ота 130 йил, аммаси Сайдинисо ая эса 125 йил умр кўришган экан. Аямнинг улардан ҳам кўпроқ яшашини Худодан сўраб қоламиз!

— Бу хонадонга келин бўлиб тушганимга 33 йил бўлди. Мен келган вақтимда қайнонамнинг кўзлари ожиз эди. Ҳассага таяниб юрарди. Охирги ўн йилликда эса бир жойда ўтирадиган бўлиб қолди. Кеча-ю кундуз назорат қилиб тураман. Тунлари бирга ётаман. Жуда кам ухлайди. Таҳоратини қилиб бўлганимиздан кейин саловатлар айтиб, дуолар қилиб ўтиради. Мен ҳам шу одатга ўрганганман. Аравачага ўтказиб, кўча-кўйга олиб чиқайлик десак, сира кўнмайди. Уйда ўтиришни афзал билади. Овқат ҳам оз ейди. Кўпроқ суюқ таомлар пиширинг дейди. Ошни жуда хуш кўради. Чой ўрнига, қайнатилган сув ичади. Ўзлари келинлик даврида эпчил, ғайратли бўлганликларини кўп хотирлаб, такрорлайди. Тишлари иккинчи марта ҳам чиқиб, кўпи тўкилиб кетди. Сочлари ҳам қайта ўсиб, яна сийраклашиб қолган. Зеҳни ўткирлигига қойил қоламиз. Болалиги, ёшлик чоғлари, колхозлаштириш даври, қулоқлаштириш йиллари, уруш машаққатлари, машъум қатағон воқеалари тўғрисида кўп гапиради. Гўё тирик тарих дейсиз. Бу инсон борлиги учун ҳам уйимиз доим гавжум ва қут-барака ҳукмрон. Илоҳим яна узоқ йиллар умр кечириб, бизнинг бахтимизга омон бўлсин. Уларнинг хизматларини қилишдан сира чарчамайлик, — дейди кенжа келини Дилором Умарова.

— Онахоннинг уч ўғил ва тўрт қизининг барчаси қишлоқ хўжалигида фаолият юритади.

— 36 нафар невара, 68 нафар чевара, 28 нафар эвараси бор.

2 йил аввал Ҳувайдо момога Президент номидан «Шуҳрат» медали топширилган.