Ғафур Ғулом Абдулла Қодирийни сотганми?

Академик, таниқли олим Наим Каримов “Turon 24″га интервью берибди. Бунда ўтган асрнинг бошидаги жадидилик ҳаракати, бугунги давр муаммолари тилга олинган. Қуйида унинг сўзларидан тезисларни келтирамиз.

Жадидларга кўринмас тўсиқлар бор

Жадидчилик миллатнинг 20-аср бошида уйғониши эди. Уйғоқ одамлар эса ҳамма замонларда ҳам жамият учун хавфли туюлаверади.

20-асрнинг бошларида мамлакатимизда олиб борилган энг самарали, энг фожиали ҳаракат – жадидчилик ҳаракати. Самарали деганимнинг сабаби шуки, жадидларгача бўлган даврда, яъни 17-асрдан 19-асргача зиёлилар ўзини анча пассив тутган. Жамиятда бўладиган воқеаларга муносабат билдирмаган, натижада ўзбек халқининг аҳволи йилдан йилга, асрдан асрга ёмонлашиб бораверган, айниқса, маданият ва маориф соҳасида аҳвол жуда ғариблашиб қолган.

20-асрнинг бошларида ўзбек халқининг илғор зиёлилари жадидчилик ҳаракатига асос солган. Бу ҳаракат намояндалари қотиб қолган консерватив қарашларни янгилашга интилганлар. Ўша пайтда гарчи буюк алломаларни етиштириб чиқарган бўлса-да, мадраса таълими тарихий жараёндан бироз орқада қолган эди. Бутун дунё дунёвий фанларни ўрганиб тараққий топаётган бир даврда мадраса таълими ҳамон форс грамматикасига бағишланганди, аниқ фанлар таълими суст эди. Шунинг учун мактаб таълимини ислоҳ қилишни жадидлар дастлабки вазифа деб кун тартибига қўйишади. Айни вақтда рус-тузем мактабларидан андоза олган ҳолда жадидлар янги усул мактабларини ташкил қила бошлайдилар, янги мактаблар учун дарсликлар яратадилар.

Жадидлар ислоҳни болалардан бошлаган

Жадидлар ислоҳни болалардан бошлаган. Болалар аҳолининг бошланғич қатлами. Шунинг учун болалар тарбияси, болаларнинг саводини чиқариш жадидлар концепциясининг дастлабки босқичи бўлган. Ўша пайтгача болалар адабиёти бор эди, лекин кам эди, шунда болалар адабиётини яратишни жадидлар навбатдаги вазифа деб ҳисоблашди ва шунга мос асарлар, дарсликлар яратишди. Ислоҳни болалар таълимидан бошлаган жадидлар 1918 йилга келиб биринчи халқ университетини ташкил этишди. Шу тариқа олдин мактабда болаларни тарбиялаб, янги билимларни эгаллашга қаратилган ишларни олиб боришган. 1916 йилги мардикорга олиш ҳаракатлари жадидларни Россия империясига қарши туришга даъват қила бошлади.

Улар мустамлакачилик занжирларини парчалаш учун, аввало, халқнинг ижтимоий онгини ошириш, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга ўргатишлари керак эди. Шу тариқа янги адабиёт пайдо бўлди. 1916 йилги қўзғолонда шуни билдиларки, халқда қурол йўқ, қурол бўлганда ҳам ишлатиш техникасидан бехабар. Халқ қўзғолонга тайёр эмас эди. Шунинг учун жадидлар қўзғолонни бостиришга уриндилар. Совет тарихчилари эса буни “жадидлар халққа хиёнат қилди” деб баҳолашди. Жадидлар “қуролли йўл билан эмас, тинч йўл билан, кадрлар етиштириш йўли билан ҳурриятга эришишимиз керак” деб, шу позицияда ҳаракат қилишган.

Кадрлар етиштириш йўлларидан бири истеъдодли ёшларни чет элда ўқитиш эди. Мунаввар қорининг бир шиори бўлган: “Агар бизга диний соҳадаги зиёлилар керак бўлса, ёшларни Мисрга ёки Уфадаги “Олия” мадрасасига, агар дунёвий фанлар, техника, аниқ фанлар бўйича зиёлилар керак бўлса, уларни Оврўпага юборишимиз керак. Оврўпада эса илм-фан тараққий қилган мамлакат Германиядир”.

Шу мақсадда улар махсус ташкилотлар тузишади, лекин уларнинг ортидан махсус одам қўйилган. Улар ташкилот аъзолари ҳақида ҳукуматга маълумот етказиб турган. 1922 йилда Бухородан Фитрат ва Файзулла Хўжаев ташаббуси билан 74 нафар ёш чет элга ўқишга юборилади. Улар Германияга боришади. У ерда Германиянинг қандай тараққий этгани, қандай қилиб демократик давлат бўлганини кўриб совет ҳукуматига нисбатан эътиборлари пасаяди, агар Ўзбекистонга қайтсак Европа типидаги мамлакат қуришимиз керак деб режа қилишади.

Хорижда таҳсил олган илк ўзбек қизи

Шунда ўша давр матбуотида ёзишган: “Ҳар йили 60-70 талаба чет элда ўқиб келаверса қачон Ўзбекистон тараққий этади?” Ваҳоланки, ўша 74 нафар талаба ҳақиқий интеллектлар эди. Улар Ўзбекистонни ривожлантира оладиган катта куч эди. Ўзбекистонга қайтишгач уларга иш беришмайди.

Ўзбекистон аграр давлат бўлгани учун пахта етиштиришни ривожлантириш керак бўлган. 74 талабадан уч-тўрт киши Ўзбекистонга қайтаётиб, Мисрга кириб ўтишади. Чунки пахтанинг энг олий навлари Мисрда етиштирилган. У ерда улар пахтачилик тажрибасини ўрганишади. Ўзбекистонга келгач ўрганган тажрибаларини амалга оширишга йўл қўйишмайди. 74 талабанинг ичида Марям Султонмуродова деган қиз ҳам бўлган. У ватанга қайтиб журналист бўлишни хоҳлаган, лекин Тошкентга қайтгач, уни партиявий ташкилотлардан бирига мудир қилиб қўйишади. Лекин у кейинчалик мен журналист бўлишим керак деб “Гулистон” журналига ўтиб ишлайди. Гёте тўғрисида, Леонардо да Винчи тўғрисида мақолалар ёзади. 1937 йилда ўша 74 нафар ёш зиёлини қатағон қилишади, кўпчилигини отиб ташлашади.

Жадидлар ҳақида фильмлар нега кам?

“Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси тузилгандан кейин улар ҳақида фильм ишлаш имконияти берилди. Чўлпон, Абдулла Қодирий, Мунаввар қори ва бошқа жадидларимиз тўғрисида 10 дақиқалик ҳужжатли фильмлар ишланди. Шунингдек, Шерали Турдиев Германияда ўқиган талабалар ҳақида рисола ёзди ва матбуотда тез-тез чиқиш қилиб, Германияда ўқиган талабаларнинг тақдирига халқни қизиқтира бошлаган. Шундан кейин Хайриддин Султонов ўша рисола асосида икки қисмли фильм сценарийсини ёзган. Фильм ижодкорлари Туркияга, Германияга бориб манбаларни ўрганишган ва ажойиб бир ҳужжатли фильм ишлашган. Бу фильмга 15 йиллар бўлди, адашмасам. Ўша пайтлар кўрсатиб туришарди. Ҳозир умуман берилмайди. Фильмда ўша 74 киши орасида тирик қолиб Туркияда фан доктори бўлиб ишлаётган одамлар, уларнинг фарзандлари кўрсатилган.

Бугун илм қилишда қандай имкониятлар бор? Тўсиқлар-чи?

Илгари илмий академияда тадқиқотчилар мавзуни ўзи танларди. Ҳозир мавзу юқоридан берилади. Ҳозир Тил ва адабиёт институти ходимларига ойлик берилмайди. Мавзуни грант сифатида беришади. Мана шунча сўм грант берилади, шу мавзуда тадқиқот қиласан дейишади. Грантнинг пули ниҳоятда кам бўлади. Ойлик эса йўқ. Тадқиқотчи грантнинг пулига на оила боқа олади, на жиддийроқ тадқиқот қила олади. Моддий имкониятни яхшиламасдан илм қилиш тадқиқотчиларга қийинчилик туғдиради. Стимул йўқ жойда ишга нисбатан қизиқиш йўқолади.

Ўзбекистонда манба билан ишлаш нега оқсамоқда?

Сабаби раҳбарларимиз манбанинг қадрига етишмайди. Мустақиллик йилларида Марказий давлат архивида ишлаганимда жуда бой материаллар бор эди. Ҳозир борсак ўшаларнинг ярми ҳам қолмаган. Кимдир ота-боболарининг айбини яшириш учун уларни йўқ қилган бўлиши мумкин. Президент девони (ҳозирги Президент администрацияси) архивига ҳеч кимни йўлатишмайди. Архивларда 1937 йилнинг одамлари ўтирибди. Архивларнинг 10 фоизи ҳам ўрганилгани йўқ. Манба асосида ўрганилмас экан, ижтимоий фанларга оид бирор янгилик чиқмайди. Бизда шу сабабли ижтимоий фанларга доир тадқиқотлар деярли йўқ, борлари ҳам ҳаминқадар.
Жадидлардан кейин уларнинг концепциясини ҳеч ким давом эттирмади. Чунки жадидларнинг фожиаси зиёлиларни қўрқитиб қўйди.

Ғафур Ғулом Абдулла Қодирийни сотмаган

Ёлғон, чунки бундай манба йўқ. Агар ёзиб берганда Ғафур Ғуломни терговда Абдулла Қодирий билан юзлаштиришар эди.

Бугун тақиқланган мавзу йўқ

Илгарилари тақиқланган мавзулар бўлган. Масалан, тарихни идеаллаштириш мумкин бўлмаган. Ҳозир қай мавзуда ёзиш ёзувчининг ўзига боғлиқ. Фақат ёзувчилар ўзининг қизиқиши, билим доирасига қараб ёзади. Аслида шу кеча-кундузда қайси масалага эътибор бериш керак, қайси йўл билан жамиятни юксалтириш керак деган саволларга жавоб топган ҳолда асарлар ёзилиши керак. Адабиёт жамият ҳаётига таъсир қилмайдиган адабиётга айланиб қолди. Бугунги асарлар нейтрал мавзудан нарига ўтмай қолди. Бугун ижодкорлар ёзаётган асарлари билан жамиятни огоҳлантириши керак.