АҚШ прокурорлари Сайфулло Соиповга ўлим жазоси тайинланишини сўради

Нью-Йоркда АҚШ федерал прокурорлари маълум қилишича, агар ҳакамлар ҳайъати Сайфулло Соиповни айбдор деб топса, улар айбланувчига ўлим жазоси тайинланишини сўрашади. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.

Сайфулло Соипов ўтган йили ҳэлловен пайтида ўз машинасида омма устига бостириб бориб, 8 кишининг ўлимига, 11 кишининг жароҳат олишига сабаб бўлган эди. Бу воқеа 2011 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг энг кўп одам ҳалок бўлган теракт эди. У террористик ташкилотлардан руҳланганини маълум қилган эди.

Соиповнинг адвокатлари эса прокуратурага ўлим жазосини сўрашини тақиқлаб қўйишни судьялардан сўрамоқда. Боисики, Дональд Трамп ўз твиттерида Соиповнинг қатл этилишини ёқлаб фикрлар қолдирган эди. “[У] ўлим жазосига ҳукм қилиниши керак. Тезроқ ҳаракат қилиш лозим. Ўлим жазоси!” деб ёзган эди у твиттерида.

Федерал прокурорлар камдан-кам ҳолатларда ўлим жазосини тайинлашни сўрайди. Охирги марта бу 2008 йилда юз берган эди. Бу сўров қаноатлантирилмасдан, маҳкум умрбод қамоқ жазосини тайинланган эди.

Сайфулло Соипов жиноят кодексининг саккизта моддаси бўйича айбланган бўлиб, суд иши 7 октябрь куни бошланади.

Ўз навбатида, федерал прокурорлар Соиповга ўлим жазосини сўраш ҳеч қандай сиёсий қарор эмаслигини таъкидлашган.