Ўзбек деҳқонлари ва тўқимачилик саноати учун хушхабар: АҚШ ўзбек пахтасини болалар меҳнати эвазига етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди

    Ўзбек пахтаси болалар меҳнати эвазига терилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда 20 сентябрда чоп этилган АҚШ Меҳнат департаментининг янги ҳисоботи маълум қилинган.

    Жаҳондаги мажбурий ва болалар меҳнатига бағишланган ҳисоботда Ўзбекистон болалар меҳнатига қарши курашда салмоқли натижаларга эришгани эътироф этилган. Пахта болалар меҳнати орқали терилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарилди.

    Шунингдек, ҳисоботда мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашишда Ўзбекистон, Бразилия ва Парагвай каби мамлакатлар эришган ютуқлар алоҳида эътироф этилган.

    Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов “Twitter” саҳифасида бу қарорни олқишлаган ва АҚШ Меҳнат департаментига “узоқ кутилган қарорга келишда холислик учун” миннатдорлик билдирган. “Биз бу қарорни Ўзбекистон ҳукуматининг бу борада эришган ютуқларининг эътирофи деб ҳисоблаймиз” деган Ўзбекистон элчиси.

    Қайд этиш керакки, 2009 йилдан бери АҚШ ҳукумати ўзбек пахтасини “қора рўйхат”га киритиши миллий тўқимачилик саноати учун қатор қийинчиликларни туғдираётган эди.

    Тадбиркор Зафар Ҳошимовнинг ёзишича, бу янгилик барча деҳқонларимиз ҳамда текстил ва тўқимачилик соҳаларимиз, қолаверса, бутун иқтисодиётимиз ва мамлакатимиз обрў ва нуфузи учун жуда катта хушхабардир.