Ўзбекистонда UzCard монополиясига чек қўйилади

Шавкат Мирзиёев “Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Қарорда айтилишича, чакана тўловларни қайта ишлаш бўйича давлат процессинг марказининг мавжуд эмаслиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлиги даражасини камайтирмоқда, тўлов инфратузилмасининг ягона интеграллашувига эришиш имконини бермаяпти ҳамда бир монопол тизимнинг мутлақ устун бўлишига олиб келмоқда.

Бундан ташқари, тўлов тизимлари операторларининг фаолияти қонунчилик даражасида тартибга солинмаганлиги уларнинг ривожланишини чекламоқда ва мазкур тизимларнинг ишончли ишлашига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Тўловларни амалга ошириш узлуксизлигини таъминлаш, инновацион маҳсулотларни жорий қилиш, банк хизматларининг оммабоплигини таъминлаш ҳамда тўлов хизматлари бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида Миллий банклараро процессинг маркази ташкил қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:

2019 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Миллий банклараро процессинг маркази, банклараро тўлов тизими ва клиринг марказининг фаолият юритиши учун маълумотларни қайта ишловчи тўлақонли марказ яратилишини;

2020 йил 1 январга қадар маҳаллий ва халқаро банк карталари бўйича ҳисоб-китобларда иштирок этувчи банклар ўртасида ахборот ва технологик алоқа ўрнатишга кўмаклашувчи Миллий банклараро процессинг маркази ишга туширилишини;

2020 йил 1 июлга қадар мамлакатдаги барча процессинг марказларининг, шу жумладан, халқаро тўлов тизимларининг бевосита Миллий банклараро процессинг марказининг ягона шлюзи орқали ишлашини;

банк тўлов инфратузилмаси доимий равишда яхшиланишини, банкоматлар ва ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи кўп функцияли терминаллар тармоғининг, шу жумладан, ўз тасарруфидаги корхона ва ташкилотларни жалб қилган ҳолда кенгайтирилишини таъминлайди.

Хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини, шунингдек, умумэътироф этилган халқаро норма ва қоидаларни чуқур ўрганиш Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Унда миллий тўлов тизимининг ҳуқуқий ва ташкилий асослари, Марказий банк томонидан тўлов хизматлари бозорини тартибга солишни назорат қилиш, шунингдек, миллий тўлов тизими субъектларини лицензиялаш тартиби, тўлов тизимларида банк сири ҳимоясини таъминлаш хусусиятлари, электрон пуллар билан операцияларни амалга ошириш соҳасида ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, шу жумладан, электрон ҳамёнлар эгаларини идентификация қилиш тартиби ўз аксини топади.

Эслатиб ўтамиз, 15-16 сентябрь куни бутун Ўзбекистон ҳудудида электрон тўлов тизими ишдан чиқиб, фуқароларга ноқулайликлар туғдирган эди. Бунга Ягона умумреспублика процессинг маркази — UzCard тизимидаги носозликлар сабаб бўлган эди.