АҚШ делегацияси Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини муҳокама қилади

12-14 сентябрь кунлари АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Брайан Макфитерс ҳамда Иқтисод ва бизнес бўйича бюро вакили Ян Шеридан Ўзбекистонга расмий ташриф буюради. Ташриф доирасида Ўзбекистон иқтисодига ҳамда мамлакатдаги инвестицион муҳитга оид масалалар муҳокама қилинади.

“Турон24” ахборот агентлиги хабар беришича, Ўзбекистоннинг Халқаро савдо ташкилотига аъзо бўлиш истиқболи ва интеллектуал мулк даҳлсизлигини таъминлаш масалалари ташрифнинг асосий мавзулари бўлиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, томонлар 15-18 октябрда бўлиб ўтадиган АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо ва инвестицияларга доир дастлабки келишув бўйича кенгаш йиғилишида кўриладиган масалалар муҳокама қилинади.

Шунингдек, ташриф доирасида 17-18 октябрда Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё савдо форуми бўйича ҳам музокаралар олиб борилади.

Жаноб Макфитерс ташрифининг дастлабки кунида хусусий сектор вакиллари билан учрашишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, ташқи савдо, иқтисод, ахборот техналогияларини ривожлантириш вазирлари ва ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари билан учрашувлар ташкил этилади.

Иқтисод ва бизнес бўйича бюро АҚШ Давлат департаментининг таркибий қисми ҳисобланади. Бюро иқтисодий хавфсизлик, ички ва ташқи ривожланиш масалаларига масъул. Интелектуал мулк ҳуқуқи, қароқчилик ва контрафакцияга оид саволларни кўриб чиқиш ҳам Бюро вазифасига киради.