Элнур Абдураимов Калифорниядаги жангида рақибини нокаутга учратди

19 октябрь тонгида профессионал бокснинг супер ярим енгил вазн (- 58,96 кг) тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Элнур Абдураимов ўзининг иккинчи жангини ўтказди. Калифорния штати Индио шаҳридаги “Fantasy Springs Casino” аренаси мезбонлик қилган баҳсда ўзбекистонлик боксчига америкалик чарм қўлқоп устаси Жованни Гонсалес рақиблик қилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар тарқатди.

Гонсалесга қарши жангни катта устунлик билан бошлаган Абдураимов иккинчи раундга келиб рақибини нокаутга учратди. Бу Элнурнинг иккинчи жангдаги иккинчи нокаутли ғалабаси бўлди.

Маълумот учун, Гонсалес проф рингда 7 та жанг ўтказиб, уларнинг 5 тасида ғалаба қозонган, 2 та жангда мағлубиятга учраганди. Элнур эса сентябрь ойи охирида проф рингдаги дебютини америкалик Арон Холлинсни нокаутга учратиш орқали нишонлаган эди.