Ўзбекистонда Facebook ва YouTube ишламай қолишининг расмий сабаблари айтилди

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири биринчи ўринбосари Олимжон Умаровнинг Газета.uz сайтига Ўзбекистонда “Facebook”, «VKontakte” ижтимоий тармоқларида ҳамда YouTube видеохостингидан фойдаланишдаги муаммоларнинг эҳтимолий сабабларини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, техник носозлик ташқи интернет-канал ўтказувчанлигини ошириш учун янги ускуналарнинг ўрнатилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги техник модернизация ишларини ноябрь охирига қадар якунлашни режалаштирмоқда.

“Биз интернет тезлигини ошириш (ўн карра) бўйича лойиҳани амалга ошираяпмиз. Ўйлашимча, ноябрь охирига бориб, фуқароларимиз реал самарасини кўра бошлайди… Ҳозирда апргейдни амалга ошириш учун қатор янги ускуналар харид қилинаяпти. [Ижтимоий тармоқлардаги] техник носозликлар мазкур ускуналарни синовдан ўтказиш, созлаш ишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин”, деди у.

Вазир биринчи ўринбосарига кўра, телекоммуникация инфратузилмасини модернизациялаш керак бўлади. Бу эса интернетнинг халқаро каналларига чиқишни таъминлайди. Биз бу билан тўхтаб қолмаймиз. Олдимизда катта вазифалар турибди. Биз рақамли иқтисодиётни муҳокама қилдик. Унинг асосий ресурси айнан рақамли маълумотлар саналади. Агар зарур даражада телекоммуникация инфратузилмаси бўлмаса, юқори тезликли тўсиқсиз кириладиган интернет бўлмаса, бундай катта кўламдаги ислоҳотлардан наф бўлмайди. Уларнинг барчаси қоғозда қолиб кетади.

Ўзбекистонда YouTube видеохостингидан фойдаланишда муаммолар октябрь ойида бошланган эди. Бунгача “Facebook” ижтимоий тармоғида ҳам худди шундай муаммолар кузатилаётган эди.

«Билайн Ўзбекистон» бош директори Дмитрий Шуков Spot’га берган интервьюсида маълум қилишича, «Билайн Ўзбекистон» call-марказларига октябрь ойи бошидан бери: «Эй, YouTube нега очилмаяпти? Нега яхши очилмаяпти?», қабилида 30 мингта мурожаат келиб тушган (агар шу масала юзасидан биргина «Билайн»га шунча мурожаат тушган бўлса, Президент порталига ҳам бирорта кетган бўлса керак). Шундан кейин «Билайн» раҳбарияти Ўзбекистон АКТ вазирлиги ҳузуридаги алоқа соҳасини назорат қилувчи инспекцияга сўров йўллаган.

«Биз YouTube’га киришда муаммолар юзага келиши билан боғлиқ вазиятдан хавотирдамиз, чунки ушбу видеохостинг бизнинг интернет-трафикимизда сезиларли даражада катта улушга эга. YouTube’нинг ҳар қандай даражада чекланиши Интернетдан фойдаланишнинг дарҳол қисқаришига ва, оқибатда, провайдерларнинг даромадлари камайишига сабаб бўлади, тармоқ фойдаланувчиларининг асаббузарликлари ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади», — дейди Дмитрий Шуков.

«Инспекция ходимлари вазиятни ҳар томонлама ўрганиб, унинг сабабларини ва YouTube сервиси деградацияси учун жавобгарларни аниқлаш чораларини кўриб, истеъмолчилар — абонентларнинг ҳуқуқлари очиқчасига бузилишига барҳам беради, деб умид қилгимиз келади», — дея қўшимча қилди Шуков.

YouTube’нинг ишламаслиги фақат «Билайн»га ўхшаш алоқа операторларини даромаддан маҳрум қилаётгани йўқ, бошқа компанияларга ҳам ноқулайлик туғдирмоқда. «Оддий нарса — мижозлар учун видео юклай олмаяпмиз. VPN’дан фойдаланяпмиз, лекин тезлик жуда паст. Мени омадим келди: YouTube айни зарур вақтда Қозоғистонда эдим, у ерда 4G’да YouTube’дан чексиз фойдаланиш имконини беришади. Агар жуда керак бўлиб қолса, чегарада 4G’ни тутиш мумкин», — дейди VRonica студияси асосчиси Акмал Солиҳов.