Нью-Йоркда Америка фуқароси билан сохта никоҳдан ўтмоқчи бўлган россиялик аёл жазога тортилди

Нью-Йоркда 29 ёшли россиялик Яна Потапова фирибгарлик йўли билан никоҳдан ўтишга уринганлиги учун шартли икки йил озодликдан маҳрум этилди. У, бундан ташқари, суд ҳукмига биноан, 50 соатлик жамоат ишига жалб қилинади.

Тергов материалларига кўра, Потапова ва АҚШ фуқароси Бретт Томпсон 2014 йили сохта никоҳдан ўтишга келишишади. Бундан мақсад Яна Потапова қонуний иммиграция мақомига эга бўлмоқчи эди. Яна Потапова АҚШга меҳмон визаси билан келган бўлиб, виза муддати тугагач, мамлакатда ноқонуний равишда қолаётган бўлган.

Сохта никоҳдан ўтиш ва уни сақлаб қолиш учун Томпсон Потаповадан 3500 доллар олган. 2015 йил май ойида Потапова АҚШ фуқаролик ва иммиграция хизматига ёлғон маълумотлар тақдим этади.

Фирибгарлик аломатлари сезилиб қолгач, уни қамоққа олишади. Потапова округ турмасида 60 кун қолиб кетади. Бундан аввалроқ Томпсон ўз айбини тан олади. Ҳозир у суд ҳукмини кутаяпти.