Ҳиндистон билан ҳамкорлик Ўзбекистонга нима беради?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковинднинг таклифига биноан 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ҳиндистон кўп аҳоли ва улкан иқтисодий имкониятларга эга, саноати ривожланган мамлакат. Ялпи ички маҳсулот даражаси бўйича дунёда олтинчи ўринда туради. Юқори технологиялар, инновациялар, дастурлаш, соғлиқни сақлаш, хизмат кўрсатиш соҳаларида илғор ҳисобланади. Бу соҳалар ривожига катта эътибор қаратаётган мамлакатимиз учун Ҳиндистоннинг тажрибаси ва технологиялари муҳим. 2017 йилда Ҳиндистон ЯИМ ҳажми бўйича Франциядан ўтиб, дунёда 6-ўринни эгаллади. 30 сентябрда Ҳиндистон бош вазири Наренда Моди яқин келажакда Ҳиндистон 5-ўриндаги Буюк Британиядан ҳам ўзиб кетишини айтиб ўтди. Экспертларнинг фикрича, 10 йилдан сўнг Ҳиндистон дунёнинг энг кучли давлатлари учлигига киради. Сўнгги 10 йилда Ҳиндистон ЯИМ ҳажмини 2 марта оширишга муваффақ бўлди.

“Соатлар тўғирлаб олинди”

“Турон24” АА

Ҳиндистон Ўзбекистон билан муносабатларга нейтрал ёндашади. Ҳеч қачон Ўзбекистон бўйича у ёки бу блок тарафида турмаган. Ўзбекистон билан Ҳиндистон халқаро майдонда, жумладан, БМТ ва ШҲТ доирасида бир-бирининг ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқин.

Шундай бўлса-да, Хитойнинг минтақада таъсири ошиб бораётгани, қолаверса, Афғонистонда тинчликни қарор топтириш борасида Ўзбекистон турли ташаббусларни илгари сураётгани, қолаверса, денгиз портларига чиқиш имкониятлари тобора долзарб бўлиб бораётгани Ўзбекистоннинг Ҳиндистон билан сиёсий мулоқотларни равонлаштириш ҳамда соат милларини текшириб, тўғирлаб олишига ундади.

Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, Афғонистондаги низолар сабабли биз кўплаб муаммоларга дуч келдик. Ушбу низога ҳарбий йўл билан ечим топиб бўлмайди. Афғонистонда сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш керак. Афғонистон масаласида Ҳиндистон АҚШнинг позициясини қўллаб-қувватлайди, демакки, Ўзбекистон ва Ҳиндистон жафокаш афғон заминида тинчлик қарор топишидан манфаатдор. Қолаверса, Афғонистонда тинчлик минтақада транспорт-транзит имкониятларини янада оширади.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон Афғонистонга бир тарафдан қарайди

Буни Ҳиндистон ҳукумати раҳбари Нарендра Моди ҳам қайд этди. Эрондаги Чобаҳор бандаргоҳи Ҳиндистон учун жуда муҳим порт бўлиб, Нарендра Моди Ўзбекистоннинг Ашхобод келишуви борасида Ҳиндистонни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Чобаҳор порти Ҳиндистон учун Покистонни айланиб ўтган ҳолда Афғонистон бозорига кириш имконини беради. Ушбу портни модернизация қилишга Ҳиндистон 150 миллион доллар инвестиция киритмоқда.

“Чобаҳор — биз учун жуда муҳим бандаргоҳ. Ашхобод келишуви борасида бизни қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирамиз. Шунингдек, ҳарбий машқлар ўтказиш ва ҳарбий таълим бўйича ҳам келишувга эришдик”, деди бош вазир [иқтибос “Турон24” АА].

Маълумот учун, Ашхобод келишуви Ўзбекистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Эрон, Уммон ўртасидаги транспорт келишуви ҳисобланади. Ушбу транспорт йўлаги орқали Марказий Осиё ва Форс кўрфази ўртасида товар айирбошлаш йўлга қўйилади.

Ўзбекистон Ҳиндистонни қудратли давлат деб билади

Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон БМТнинг Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси бўлиши кераклигини таъкидлади.

“Айни пайтда Ҳиндистон кучли мамлакатлар қаторига киради. Бу давлат БМТ Хавфсизлик кенгашининг тўлақонли аъзоси бўлиши керак. Ўзбекистон бу борада Ҳиндистонни қўллаб-қувватлайди”, деди Ўзбекистон президенти.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик мамлакатларимиз муносабатларининг асосий йўналишларидан биридир. Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳиндистон сармояси иштирокида 145 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 58 таси тўлиқ хориж капитали эвазига ташкил этилган. 2018 йилнинг биринчи чорагида Ҳиндистон сармояси иштирокида 9 та корхона ташкил этилгани ҳинд ишбилармонларининг мамлакатимизда фаоллиги ошаётганидан далолатдир. 2017 йилда икки томонлама савдо ҳажми 323,6 млн АҚШ долларига тенг бўлди.

Президент ташрифи арафасида ўтказилган икки мамлакат мутасадди вазирлик ва идоралари ҳамда ишбилармон доираларнинг қўшма бизнес-форумида умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд бўлган сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олди. Бу маррага 2020 йилгача эришилиши лозим.

Андижонда Эркин фармацевтика зонаси ташкил этилади

Нью-Деҳлида ўтган олий даражадаги музокаралар якунида имзоланган ҳужжатларни ўзаро алмашиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон-Ҳиндистон мулоқоти якунида икки мамлакат ҳамкорлигини турли соҳаларда янги, янада юқори босқичга олиб чиқишга қаратилган 20 та ҳужжат имзолангани қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳиндистон Республикаси Бош вазирининг Қўшма баёноти қабул қилинди.

Дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан озод этиш, туризм, қишлоқ хўжалиги, фан-техника ва инновациялар, коинотни тадқиқ этиш ва ундан тинчлик мақсадларида фойдаланиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт илми соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимлар имзоланди.

Бундан ташқари, ҳарбий таълим, ҳуқуқ ва адлия, фармацевтика соҳаларидаги муносабатларни ривожлантиришга доир ўзаро англашув меморандумлари қабул қилинди. Имзоланган ҳужжатлар орасида Ўзбекистон – Ҳиндистон ишбилармонлик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битим, шунингдек, Андижон вилояти билан Ҳиндистоннинг Гужарат штати, Самарқанд ва Агра шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик ва шерикликни йўлга қўйиш тўғрисидаги англашув меморандумлари алоҳида аҳамиятга эга.

Ҳиндистон тиббиёт соҳасидаги ютуқлари билан ном қозонган. Ўзбекистон, айниқса, фармацевтика соҳасини Ҳиндистон технологияси ва инвестицияси асосида ривожлантиришни истайди. Бунинг учун Андижон шаҳрида Эркин фармацевтика зонасини ташкил этишга келишиб олинди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Ҳиндистондан кўпроқ технология, инвестиция ва тажриба олишга интилмоқда.