Ўзбекистонлик мигрантлар муаммоларини ҳал қилиш бўйича электрон хизматлар йўлга қўйилади

Ўзбекистонлик мигрантлар муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашадиган инновацион электрон хизматлар ташкил қилинади. Электрон хизматлар рўйхатига мигрантлар учун юридик хизматлар ва маслаҳатлар, интернет орқали турли ҳужжатларни расмийлаштириш, маълумотнома ва бошқа ахборотни олиш имконияти киради.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда меҳнат мигрантлари учун давлат хизматлари сифатини яхшилашда рақамли технологиялар имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, миграция ҳам қабул қилувчи, ҳам жўнатувчи мамлакатлар иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатишини эътиборга олинса, меҳнат миграциясини самарали бошқариш манфаатдор томонларга ижобий натижаларни беради. Ҳукумат, иш берувчилар, касаба уюшмалари миграцияни бошқариш ва ишчи/хизматчиларни хавф-хатарлардан асрашда муҳим ўрин эгаллайди. Бунда мамлакатдан чиқувчи, кириб келувчи ва депортация қилинаётган шахслар учун давлат хизматлари сифатини яхшилаш жуда муҳим.

Шу сабабли ватанидан йироқда меҳнат қилаётган фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашадиган веб-ресурслар, мобил иловалар ва инновацион электрон хизматлар ташкил қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Электрон хизматлар рўйхатига мигрантлар учун юридик хизматлар ва маслаҳатлар, интернет орқали турли ҳужжатларни расмийлаштириш, маълумотнома ва бошқа ахборотни олиш имконияти киради.

Натижада фуқароларнинг яшаш жойидан қатъи назар давлат хизматларидан фойдаланишда дуч келадиган муаммоларни аниқлаш йўли билан мавжуд давлат хизматларини яхшилаш ва янгиларини яратиш, электрон хизматларни жорий қилиш бўйича вазирлик ва идораларнинг техник имкониятларини баҳолаш мумкин бўлади.