Шавкат Мирзиёев Италияга ҳам боради

    Италия президенти Сержо Маттарелла Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда Италияга ташриф буюришга таклиф қилди. Бу ҳақда у Ўзбекистоннинг Италияга тайинланган янги элчиси Отабек Акбаров билан суҳбатда маълум қилди.

    Италия раҳбарининг таъкидлашича, 18 йиллик танаффусдан сўнг икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги мулоқотни қайта тиклаш муҳим аҳамиятга эга.

    Янги элчи билан бўлиб ўтган суҳбатда Италия президенти Шавкат Мирзиёевга ўз эҳтироми ва самимий тилакларини йўллади. Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда Италияга ташриф буюришга таклиф қилди.

    Италия Европа Иттифоқининг асосчиларидан бири бўлиб, аввалбошданоқ Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатларида муҳим роль ўйнаган. Хусусан, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим айнан Италияда имзоланган. Шулардан келиб чиқиб, президент Сержо Маттарелла Италия бундан кейин ҳам Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

    Италия раҳбарининг фикрича, халқаро майдонда, жумладан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва уни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш борасида икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни янада фаоллаштириш имкониятлари мавжуд. У, шунингдек, икки мамлакат парламентлари ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштириш, Италия кучли бўлган соҳаларда биргаликда иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.