Шавкат Мирзиёев чорловига “лаббай” деб жавоб берган ватандошлар

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 20 сентябрь куни Нью-Йоркда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган бир гуруҳ ватандошларимиз билан учрашди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев “мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш истагида бўлган барча чет элдаги юртдошларимизни Ўзбекистонга таклиф этаман. Мен уларни қўллаб-қувватлашга ва ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман”, деган эди. Хўш, ўтган даврда кимлар бу чорловга “лаббай” деб жавоб берди?

БИЗНИ ТЕЛЕГРАМДАГИ КАНАЛИМИЗДА ҲАМ КУЗАТИБ БОРИНГ!

Отабек Назиров

Отабек Назиров Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари сифатида фаолиятини жорий йилнинг май ойидан бошлади. Июнь ойида эса у халқ таълими вазири ўринбосари этиб тайинланди.

Отабек Анварович Назиров 1975 йили Тошкентда туғилган. АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги Стоуни-Брук Давлат университетида макроиқтисодиётчи мутахассислигини эгаллаган. Турли йиллар давомида АҚШнинг GOLDMAN SACHS GROUP, Москвадаги ТРОЙКА ДИАЛОГ ва БАНК МДМ, Вашингтондаги THE AVACENT GROUP ҳамда Нью-Йоркдаги JP MORGAN CHASE компанияларида ҳам фаолият юритган.

Ўзбекистонга қайтгунга қадар қадар Отабек Назиров Лондондаги Европа тикланиш ва тараққиёт банкида саноат секторига инвестицияларни киритиш бўлимининг бош ҳудудий банкири лавозимида ишлаган. Саноат, кўчмас мулк, фармацевтика саноати, кимё, қурилиш материаллари ва халқ истеъмоли моллари каби иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестициялар киритиш бўйича 50 дан зиёд лойиҳаларни ишлаб чиққан ва молиялаштирган.

Улуғбек Қосимхўжаев

Шу йилнинг август ойида яна бир америкалик ватандошимиз Улуғбек Қосимхўжаев Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Улуғбек Қосимхўжаев (1978 йилда Андижонда туғилган) 2000 йилда президент шафелигидаги «Умид» фони йўлланмаси билан Пейс университети (АҚШ)нинг бакалавр босқичини бизнесни бошқариш мутахассислиги бўйича тамомлаган. 2007 йилда эса Барри университети (АҚШ)да молия йўналиши бўйича магистратура босқичида таҳсил олган. 2007 — 2013 йилларда Барри Зандерберд (АҚШ) университетларида дарс берган. 2014 йилда АҚШда ўзининг туризм ва инвестиция йўналиши бўйича шахсий бизнесини ташкил этган.

Камолхўжа Эшназаров

2018 йилнинг августида Камолхўжа Эшназаров Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Хусусийлаштириш ва пуллик хизматни ташкил қилиш маркази директори лавозимига тайинланди.

Тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ҳисобланган Камолхўжа Эшназаров саккиз йил давомида Жанубий Кореянинг қатор нуфузли тиббиёт компанияларида фаолият кўрсатиб, етакчи университет клиникаларида малака оширган.

Корейс ва инглиз тилларини мукаммал ўзлаштирган 41 ёшли Камолхўжа Эшназаров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг хориждаги ўзбекистонлик шифокорларнинг мамлакат тиббиётини ривожлантиришга жалб қилиш ҳақидаги топшириғига кўра Ўзбекистонга қайтган.

У марказнинг молия-хўжалик стратегиясини ишлаб чиқиш, пуллик хизмат кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари фаолиятини назорат қилиш, уларга ҳар жиҳатдан амалий ёрдам бериш, мазкур йўналишдаги етакчи хорижий тиббиёт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, муваффақиятли тажрибалар ва аниқ инновацион моделларни амалиётга татбиқ этиш, тизимда замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш каби устувор вазифаларга ҳам масъул эътиб белгиланди.

Одилбек Исаков

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2018 йил 15 сентябрдаги буйруғига асосан Одилбек Рустамович Исаков Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг маслаҳатчиси, молия вазирлигининг давлат суверен, корпоротив (банк) қарз мажбуриятлари ва давлат қарзи бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Одилбек Исаков 1981 йилда туғилган, маълумоти олий, 1998-2000 йилларда Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университетида таҳсил олган.

Буюк Британиядаги Манчестер Метрополитан Университетининг Бизнес Иқтисодиёти бўйича бакалаври (BA in Business Economics), Стратклайд Университетининг Молия бўйича магистр (MSc in Finance) даражаларига ҳамда Малакали Молиявий Таҳлилчи (CFA – Chartered Finance Analyst) квалификациясига эга.

Одилбек Исаков дунёнинг энг йирик банкларидан бири HSBC банкидаги 12 йиллик меҳнат фаолияти давомида Ривожланаётган мамлакатлар билан ишлаш бўйича инвестиция банкири сифатида тажриба орттирган. Марказий ва Шарқий Европа, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Яқин Шарқ ва Африка давлатлари ва давлат ташкилотлари учун жаҳон молия бозорларида қимматли қоғозлар (облигациялар, кредит ноталар) чиқаришни ва банклар синдикатидан кредит олишни ташкил этиш билан шуғулланган. 2011 йилдан бери умумий қиймати 115 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 70 дан ортиқ муваффақиятли қўшма лойиҳаларни бошқарган.

2016 йил март ойидан ҳозиргача HSBC инвестиция банки ривожланаётган мамлакатлар учун жаҳон молия бозорларида қимматли қоғозлар чиқаришни ташкил этиш бошқармаси директори (Лондон, Буюк Британия) лавозимида ишлаб келган.

Бобир Оқилхонов 

IT-тадбиркор, ахборот технологиялари бўйича бизнес-аналитик, инвестор Бобир Оқилхонов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги «Рақамли ишонч» рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг технологиялар бўйича инвестиция директори этиб тайинланди.

Бобир Оқилхонов Тошкентда Мирзо Улуғбек номидаги халқаро мактабни тамомлаган, сўнг Австралияда Charles Sturt Universityда ахборот технологиялари бўйича бакалавр босқичида таҳсил олган.

У Billur.com хостинг компаниясининг ҳамтаъсисчиларидан бири, plov.com лойиҳасига инвестиция киритган, kupiotpusk ва Blockcrunch Capital холдинг компаниялари асосчиси ҳисобланади.

Бобир Оқилхонов 2016 йил майидан бери АҚШда яшайди, бунгача эса ўн йил Австралияда ва олти йил Россияда яшаган.

Ровшан Изамов

Ровшан Шавкатович Изамов Ҳукумат қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг раиси этиб тайинланди. 

У 2006 йилда Буюк Британияда шифокорлик дипломини ҳимоя қилиб, мамлакат ҳудудида лицензияга эга доктор бўлган. У Буюк Британия соғлиқни сақлаш тизимида 10 йилдан ортиқ меҳнат тажрибасига эга.

У раҳбарлик қиладиган Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Президент қарори билан ташкил этилган эди.

Халқаро стандартларга мос соғлиқни сақлаш инфратузилмасини яратишга, шу жумладан, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини замонавий ускуналар ва илғор ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш Миллий палатанинг асосий вазифаcи ҳисобланади.

Ватанга қайтмасдан Ўзбекистонга ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлганлар

Алишер Жуманов

Alisher Ali Djumanov/Simon Dawson/Bloomberg via Getty Images

Ривожланаётган иқтисодиётлар бўйича ветеран маслаҳатчи ва инвестор бўлган Жуманов 1994 йилда Ўзбекистондан кетиб, Нью-Йоркда фаолият юритади. У бугунги кунда Ўзбекистонга талантларни ва капитал жалб қилиш бўйича иш олиб бормоқда. Унинг ўзи ҳам бозорга ўтган йили қайтиб, Тошкентда Silk Capital деган компанияни ташкил қилди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида АҚШда рўйхатдан ўтган UzGlobal инвестицияларни бошқариш  бўйича компаниясининг шўъба фирмаси — UzFin ташкил этилди.

“Келгуси ўн йил давомида 10 миллиард доллардан ортиқ маблағ жалб қилишни мақсад қилганмиз”, дейди у. “Биз UzFin минтақадаги энг катта халқаро инвестор бўлишини истаймиз”.

Фарҳод Иноғомбоев

“Америка овози”

2007 йилда Нью-Йоркдаги нуфузли Колумбия университетини битирган Иноғомбаев 10 йилдирки, Уолл-Стритда ишлайди, “Oppenheimer” банкида эса саккиз йилдан бери. Иноғомбоев учун 15 йилдан ортиқ хорижда юриб Ватанга етакчи банкир ва молиявий мутахассис сифатида қайтишни режалаштирган.

Ўтган ҳафта “Oppenheimer” делегацияси Ўзбекистон пойтахтида музокаралар олиб борди. Меҳмонлар юқори лавозимли расмийлар, жумладан, Бош вазир Абдулла Арипов билан мулоқот қилган, шунингдек, турли идоралар ва банкларнинг раҳбарлари ҳамда бизнес доираларнинг вакиллари билан учрашди. Иноғомбаевнинг айтишича, унинг банки Ўзбекистонда бир неча йирик таклифлар билан борган.

Уолл-Стритда жойлашган “Oppenheimer” кредит беришдан ташқари, республиканинг молиявий рейтингини оширишда ва банк тизимларини ривожлантиришда ёрдамлашиш истагида. Ҳозирда мамлакатга 1,2 миллиард долларлик кредит ва инвестиция киритишга келишиб олинган.