Ўзбекистонда Бош вазир ўринбосари жамоатчилик эътирози сабабли истеъфога чиқарилиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зойир Мирзаев лавозимидан озод этилади. Бу ҳақда Kun.uz ҳукуматдаги манбаларига асосланиб хабар берди.

Маълум қилинишича, Зойир Мирзаев бугун Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 27 октябрь ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари блокнот тутган олти кишининг ариқ сувида тургани тасвирланган суратни муҳокама қилишди.

Ушбу ҳолат Тошкент вилояти Оққўрғон тумани, “Абдуносир Ғулом” фермер хўжалиги майдонида юз бергани аниқланган.

Ижтимоий тармоқлар

Бош прокуратура Тошкент вилояти Оққўрғон туманида бўлиб ўтган ҳолатни текширмокда. “Қатъий айтишимиз мумкинки, бундай ҳолатнинг юзага келишида айбдор бўлган шахслар, мансаби ва даражасидан қатьи назар, тегишлича жавобгарликка тортилиши таъминланади”, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Xabar.uz сайти ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати бу каби ўзбошимчалик билан раҳбар-ходимларнинг таҳқирланишига мутлақо қарши ва бугун айни шу масалага бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган.