Америкалик иқтисодчилар Нобель мукофотини қайси хизматлари учун қўлга киритди?

2018 йилги иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотига америкалик олимлар Уильям Нордхаус ва Пол Ромерларга лойиқ кўрилди. Нобель мукофоти қўмитасининг пресс-релизида ёзилишича, олимлар мукофотни “иқлим ўзгариши ва технологик инновацияларни узоқ истиқболда макроиқтисодий анализга интегация қилгани” учун олди.

Нордхаусни иқлим ўзгариши иқтисодиётининг отаси деб билишади. У биринчилардан бўлиб иқлим ўзгаришига иқтисодий муаммолардан бири сифатида қаради ҳамда атмосферага карбонат ангидрид чиқаргани учун солиқ солиш орқали муаммога ечим таклиф қилган.

Унинг ҳамюрти Пол Ромер эса иқтисодий ўсиш технологияларга инвестиция киритиш билан узвий боғлиқлиги моделини таклиф қилди. Бу моделга кўра, айнан шунинг учун ҳам ривожланган давлатлар иқтисодиёти ўсишда давом этмоқда.

“Нордхаус ва Ромер энг фундаментал ва долзарб масалаларни ҳал этишнинг шундай усулларини ишлаб чиқишдики, улар асосида биз қандай қилиб барқарор иқтисодий ўсишга эришишимиз кўрсатиб берилган” дейилади қўмитаси пресс-релизида.

Нордхауснинг фикрича, атмосферага зарарли ис газларининг чиқарилишига қарши курашда энг яхши йўл карбонат ангидрид чиқариш учун глобал миқёсда солиққа тортишдир. Бунда барча давлатлар солиқ тўлаши керак бўлади. Бу солиқларсиз СО2ни чиқариш ўсиб бораверади.

Ромер иқтисодий ўсишнинг эндоген назарияси асосчиси бўлиб, унинг назариясига кўра, узоқ истиқболда айнан инсон капитали — билим, кўникма ва қобилият ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва истиқодий ўсишни таъминлашда асосий омил ҳисобланади. Назария инновацияларни, тадқиқотларни рағбатлантирадиган қонунчилик сиёсати ва сифатли таълим имкониятларининг кенгайтирилиши эвазига технология ўзгаришлар суръатларини жадаллаштиришни тушунтириб беради. Жорий йилга қадар Ромер Жаҳон банкининг бош иқтисодчиси бўлган.

Россия иқтисодиёт олий мактаби ва Чикаго университети профессори Константин Соннинг The Bell нашрига маълум қилишича, Уильям Нордхаус ва Пол Ромерга Нобель мукофоти иқтисодиёт фанининг мумтоз ҳамда структуралаштирилган соҳаси — иқтисодий ўсиш назариясидаги ютуқлар учун берилди.

Унинг айтишича, ушбу соҳада қуйидаги “катта саволлар” бор:  нега аксарият мамлакатларда ишлаб чиқариш ва истеъмол икки юз йил давомида ўсмоқда? Ўсиш суръатини нима белгилайди? Нега айрим мамлакатларда иқтисодий ўсиш бошқалардагига қараганда жадалроқ?

Иқтисодий ўсиш суръати узоқ истиқбол учун муҳим кўрсаткичдир. Ўн йил, йигирма йил, юз йил. Қачонлардир биринчи курс талабалари учун тайёрлаган севимли слайдимда икки мамлакатдаги — Аргентина ва Швецияда 20-аср давомидаги иқтисодий ўсиш суръати акс этган. Бир қарашда иқтисодий ўсиш суръатларида унча катта фарқ йўқ — Аргентинада йилига 1 фоиздан сал камроқ, Швецияда эса 2 фоиздан сал кўпроқ. Аммо ўтган юз йил давомида айнан мана шу тафовут аср бошида бир хил даражада бўлган икки мамлакатни бутунлай икки дунё сари етаклади. Аргентина нисбатан камбағал мамлакатлар, Швеция эса иқтисодий ривожланган, юқори сифатли ҳаёт даражасига эга давлатлар қаторидан жой олди.

Пол Ромернинг назарий модели фундаментал саволга жавоб берди: нима учун иқтисодий ривожланган етакчи мамлакатлар, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Япония меҳнат унумдорлиги у даражада юқори бўлмаган, аҳоли жуда секин ўсаётган бир шароит (Европа Иттифоқи, Япония)да ҳам тараққий этишда давом этмоқда? Ромернинг модели технология ва ғоялар тарқалишининг муҳим ролини кўрсатиб берди. Бир фирмада ишлатилаётган дастгоҳ бир вақтнинг ўзида бошқа фирма томонидан ишлатилиши мумкин эмас, лекин технологик ғоя (масалан, планшет) ёки ташкилий инновация (масалан, қаҳвахоналар  тармоғи) одатда жуда зудлик билан бошқа фирмалар томонидан жорий қилинииши мумкин. Ишлаб турган ва инновация жадал жорий қилинаётган иқтисодиёт янада жадал ривожланади.

Нордхауснинг ҳиссаси 1987 йилги Нобель мукофоти лауреати Солоунинг иқтисодий ўсиш бўйича базавий моделига нисбатан яхшироқ кўринади. Ромернинг тадқиқотларисиз Солоу модели тўлақонли бўлмас эди. Чунки инновация бўлмаганида қолоқ мамлакатлар ҳар йили янада кўпроқ ишлаб чиқариш орқали иқтисодий етакчи мамлакатларни аллақачон қувиб ўтган бўлур эди. Ҳаётда бунақа бўлмади. Нордхаус Солоу моделига иқлим ўзгариши таъсирини интеграция қилди. У қирқ йиллик меҳнати самараси ўлароқ Нобель мукофотини қўлга киритди.