Бостон, Нью-Йорк, Калифорния, Бейлор ва Оҳайо университетлари талабалари “жажжи” Ўзбекистонда бўлишди

Яқинда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида АҚШнинг бешта етакчи олий ўқув юрти — Бостон, Нью-Йорк, Калифорния, Бейлор университетлари ҳамда Оҳайо штати университети талабалари иштирокида ўтказилган тадбир ҳақида “Халқ сўзи”да хабар қилинди.

Унда хорижлик йигит-қизларга мамлакатимиз тарихи, сайёҳлик салоҳияти, халқимиз анъана ва қадриятлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди.

Тақдимот чоғида меҳмонлар элчихонанинг тарихий биноси ҳамда Ўзбекистон ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатлар билан яқиндан танишишди. Иштирокчиларнинг тасаввури янада бойиши учун уларга босма материаллар, брошюралар тақдим этилди.

Юқорида санаб ўтилган олий таълим даргоҳлари жаҳонда катта обрў-эътиборга эга. Масалан, Бостон университети 1839 йилда ташкил этилган бўлиб, айни пайтда дунёдаги 100 та энг нуфузли олий ўқув юрти рўйхатига киради. Бу ерда 30 мингдан ортиқ талаба ўқийди, тўрт мингга яқин олим ва ўқитувчи фаолият юритади.

1831 йилда асос солинган Нью-Йорк университетида эса 50 мингдан зиёд йигит-қизлар таҳсил олади. Унинг битирувчилари ва педагогларидан 31 нафари Нобель, 19 нафари “Оскар”, “Эмми”, “Гремми” мукофотлари лауреати бўлган.

Калифорния, Бейлор университетлари ва Оҳайо штати университети ҳам юксак салоҳияти билан ажралиб туради.

Оҳайо штати университети 4-босқич талабаси Эмили Липстронинг айтишича, ҳар жума куни улар учун Америка ва хорижий давлатлар муассасаларига саёҳат уюштирилади. “Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида ўтказилган тадбирда иштирок этгач, менда юртингизга бориш, бу гўзал мамлакатни ўз кўзим билан кўриш нияти туғилди”, – дейди у.