Россия ва Ўзбекистон ўзаро савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказади

    Россия президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Музокараларнинг қисқача тафсилоти:

    Асосий вазифа — савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш

    Мамлакатлар ўртасида эркин савдо тартиби амал қилмоқда. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 30 фоиз ўсган.

    Шавкат  Мирзиёевнинг қайд этишича, сентябрь ойида ҳукумат раҳбарлари раислигида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси муваффақиятли ўтказилди. Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда. Россиянинг етакчи компания ва банклари билан биргаликда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилда товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард долларга етади.

    «Бу рақам режалаштирганимиздан ҳам ортиқ. Яқин йиллардаги вазифа савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш», деди Шавкат Мирзиёев.

    Москвада Ислом Каримов ёдгорлиги учун миннатдорлик

    Шавкат Мирзиёев Владимир Путинга Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш йўлидаги ишлари учун ўзи ва Ўзбекистон халқи номидан миннатдорлик билдирди.

    Ўзбекистон президентининг таъкидлашича, мамлакат халқи пайшанба куни Россия пойтахтида, «Ўзбекистон учун жуда кўп иш қилган» Каримовнинг ҳайкали очилишига «жуда миннатдор муносабатда».

    Путиннинг билдиришича, Каримов «Россия-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантириш учун жуда кўп иш қилди». Россия раҳбарининг қўшимча қилишича, Каримов билан яхши шахсий муносабатларга эга бўлган. Россия Федерацияси президенти сўзларига кўра, Ўзбекистон биринчи президенти «давлатни шакллантиришнинг ўта мураккаб даврида» ишлади. «Биз Ислом Абдуғаниевич хотирасини абадийлаштириш ҳақида ўйлаётганимиз табиий ҳолат», – дея хулоса қилди Путин.

    Ташриф доирасида 25 миллиард долларлик ҳужжатлар имзоланди

    Давлат раҳбарлари ташриф доирасида умумий қиймати 25 миллиард доллар бўлган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳужжатлар имзоланганини мамнуният билан қайд этди.

    (Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ, Иқтисодиёт вазирлиги бу рақамни 27,1 миллиард доллар сифатида келтириб ўтган эди)

    Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида 2019-2024 йилларда иқтисодий ҳамкорлик дастурининг қабул қилиниши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

    Россия университетлари филиаллари очилади

    Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилди. Жорий ўқув йилидан Олмалиқ шаҳрида Москва пўлат ва қотишмалар институти филиали иш бошлади. Мамлакатимизда самарали фаолият юритаётган Москва давлат университети, Россия иқтисодий академияси, Россия давлат нефть ва газ университети филиалларига қўшимча равишда Москва давлат халқаро муносабатлар институти, «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университети, Россия давлат кинематография институти, Москва энергетика институти, Россия кимё-технология университети филиалларини очиш режалаштирилган.

    Фан соҳасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, Жиззах вилоятидаги “Суффа” халқаро радиоастрономик обсерваториясини ташкил этиш бўйича йўл харитасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

    Халқларимизни янада яқинлаштириш мақсадида мамлакатимизда Ўзбекистон-Россия ёшлари форуми тўртинчи бор ўтказилади..

    Ўзбеклар фазога учади

    Фан соҳасида ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди. Космик тадқиқотларни ривожлантириш бўйича лойиҳа имзоланди. Унга кўра, Суффа суперқувватга эга  радиотелескопи яратилади. «Яқин келажакда Россия фазо кемаларида Ўзбекистон фуқароси учиши мумкин», деди Шавкат Мирзиёев.

    2020 йилда Тошкент шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан “Ғалаба” мажмуаси бунёд этилади. Ушбу маскан фашизмга қарши курашимиз рамзи бўлади, ёш авлодни тарихга ҳурмат, ватанпарварлик ва халқлар дўстлиги руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

    Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Россия адабиёти вакилларининг юз жилдлик асарлар тўплами чоп этилишини таъкидлади.

    “Барча келишувларни бажарамиз”

    Россия президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, “Росатом” томонидан Ўзбекистонда илк атом электр станциясининг қурилиши шунчаки йирик саноат объекти қурилиши эмас. Гап Ўзбекистонда янги соҳанинг яратилиши, иқтисодиётнинг янги тармоғи барпо этилиши ҳақида бормоқда.

    Россия раҳбарининг сўзларига кўра, 1200 МВт қувватга эга энергоблоклар қиммат бўлмаган ва тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари истеъмолчиларига етказиб берилади.

    Бундан ташқари, Россиянинг “Силовые машины” компанияси Сирдарё вилоятидаги “Фарҳод” ГИЭС, шунингдек, “Чорвоқ” ГЭСларни модернизация қилишга ёрдам беради.

    Путиннинг айтишича, Россия тарафи Марказий Осиё энергетика ҳалқасини шакллантириш бўйича таклифлар билдирилган. Унинг фикрича, Россиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестицияси 9 миллиардга яқинлашиб қолди, ўзаро савдо айланмаси йил охирида 6 миллиард долларни ташкил қилиши кутилаяпти.

    “Аммо бу бошланиши. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан россиялик операторлар фаолияти учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар йўлидаги илк қадамлардир, дейиш мумкин”, деди Владимир Путин.

    Россия раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ва самарали музокаралар учун миннатдорлик билдирган.

    “Ўйлайманки, Шавкат Мирзиёев ўз самимий фазилатларидан келиб чиқиб, менинг тарихий хизматларимга юқори баҳо бераяпти. Аммо шуни ишонтириб айтаманки, биз келишилган барча ишларни бажарамиз”, деди у.

    Ташриф доирасида имзоланган 2019-2024 йилларда иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2019-2021 йилларда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик дастури, “Суффа” халқаро радиоастрономик обсерваториясини ташкил этиш бўйича йўл харитаси, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш тўғрисидаги битим, Тўқимачилик саноатида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ўзаро алмашилди.

    “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конини қўшимча разведка қилиш ва жиҳозлаш ҳамда Сурхондарё вилоятида газ-кимё мажмуасини қуриш бўйича “Ўзбекистон мустақиллиги” инвестиция блокига доир қўшимча битим, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Ўзбекистондаги филиалини ташкил этиш тўғрисида битим, Фанлараро илмий таълим марказини ташкил этиш тўғрисида битим, Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари кенгаши ва “Россия ректорлар кенгаши” жамоат ташкилоти ўртасида битим, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Россия Федерацияси Миллий гвардия қўшинлари Федерал хизмати ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.

    Ташриф асносида турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 20 та ҳужжат имзоланди.