Вашингтонда Фредерик Старр ва Сванте Корнеллнинг «Ўзбекистоннинг янги юзи» китоби тақдимоти бўлди

Вашингтондаги Миллий пресс-клубда Марказий Осиё ва Кавказ Институти томонидан чоп этилган «Ўзбекистоннинг янги юзи» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақидаЎзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси хабар бермоқда.

Тадбирни оча туриб, Марказий Осиё ва Кавказ Институти директори, китоб ҳаммуаллифларидан бири Сванте Корнелл сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларга урғу берган ҳолда китоб мазмуни тўғрисида умумий таъриф берди ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган республикадаги кенг кўламли трансформация Марказий Осиёдаги ҳолатга ҳам ўта ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Марказий Осиё ва Кавказ Институти раиси ва китобнинг бош муҳаррири Фредерик Старр ўз чиқишида китобда илгари сурилган асосий тезислар ҳақида батафсил сўзлаб берди ва мамлакатда амалга оширилаётган, давлат ҳокимияти тизимининг деярли барча йўналишларини қамраб олган мислсиз миқёсдаги ўзгаришлар уни ҳайратга солганини айтди.

Эксперт Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларни ортга қайтариб бўлмаслигига ишонарли мисоллар келтирди. Хусусан, сайлов қонунчилигининг такомиллаштирилиши, қонунчилик ташаббускорлигининг парламентга берилиши, сиёсий партиялар фаолиятининг сезиларли фаоллашгани, жамоат ташкилотлари сонининг кўпайганлиги ва бошқа чора-тадбирлар бу жараён ҳақида гувоҳлик беради. Фредерик Старр бугун бу йўналишдаги ўзгаришлар шиддатининг суръати бўйича дунёдаги биронта давлат Ўзбекистон билан тенглаша олмаслигига ишонч билдирди.

Таъкидланганидек, китоб ишбилармон доиралар ва инвесторлар, биринчи галда Ғарб давлатлари вакиллари учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади ҳамда Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва ривожланаётган инвестицион муҳитини тўла очиб беради. Шу нуқтайи назардан АҚШ савдо вазири Уилбур Росснинг жорий йил октябрь ойида Ўзбекистонга бўлажак биринчи ташрифи ижобий баҳоланди.

Фредерик Старр республикадаги «ўзгаришларнинг кенг қамровли миқёсига», жумладан Ўзбекистонни мусулмон олами учун янги модель сифатида намоён этувчи дин соҳасидаги ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев мўътадил, очиқ ҳанафийлик мазҳаби анъаналарининг алоҳида сифатларига эътиборни қаратган ҳолда, маърифий ислом миллий ғоясини илгари сурди. Олим таълимнинг қатъий дунёвий шаклда қолаётганлигини, бу соҳадаги ислоҳотлар эса ўқувчилардан дунёвий қадриятлар ва дунёвий жамиятдаги диний масалаларнинг ўрнини яхшироқ тушунишни талаб қилаётганлигини эътироф этди. Шу ўринда диний бағрикенглик ва конфессиялараро мулоқотнинг аҳамияти таъкидланди. Давлат раҳбарининг шахсий ташббуси билан Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказининг ҳамда Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг ташкил этилиши ҳам шу мақсадга хизмат қилади.

Миллий пресс-клубдаги тақдимотда америкалик расмий, эксперт-таҳлилий доиралар, дипломатик корпус ва ОАВ вакилларига «Ўзбекистоннинг янги юзи» китоби 10 октябрдан «Амазон» электрон савдо платформасида сотувга қўйилиши ҳам эълон қилинди.