Ўзбекистонда Страсбург университети ва Пантеон Сорбонна университети Париж академияси филиаллари очилади

    Иқтисодиёт, муҳандислик иши, қишлоқ хўжалиги, туризм каби йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистонда Страсбург университети ва Пантеон Сорбонна университети Париж академияси филиаллари очилади. Елисей саройида 9 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэл Макрон ушбу масалада келишиб олишди.

    Учрашувда савдо-иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, технологиялар, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Франция ҳукуматлараро комиссияси фаолиятига алоҳида аҳамият қаратилди.

    Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати 600 миллион еврога яқин инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланди. Франциянинг “Эйрбас”, “Тотал”, “Тотал Эрен”, “Винчи”, “Орано”, “Веолия”, “Фивс Штейн”, “Буиг”, “Ранжис” ва бошқа кўплаб компаниялари билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

    Учрашувда маданият ва санъат, туризм, фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, археология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, 2021 йилда Лувр музейида Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазма ўтказилади. Бу Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларидан бирига бағишлаб Луврда ўтказиладиган илк тадбир бўлади.

    Ташриф давомида автомобил транспортида ташиш, туризм, ҳарбий-техник ҳамкорлик, техник кўмак, космосни тадқиқ этиш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, маданият ва бошқа соҳаларга оид 10 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланди.