Ўзбекистон 2021—2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиш учун ўз номзодини илгари сурди

    Ўзбекистон халқаро муаммоларнинг ҳал этилишида кўп томонлама ёндашувни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ҳамда БМТ роли кучайтирилиши тарафдори бўлиб қолади. Шунингдек, Ўзбекистон БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилиниши таклиф қилади. Бу ёш авлод радикаллашувининг олдини олади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси ялпи мажлисидаги нутқида маълум қилган.

    БМТ янгиликлар хизматининг маълум қилишича, Бахтиёр Ибрагимов мамлакат инсон ҳуқуқлари соҳасида, сув ресусрларидан унумли фойдаланиш ҳамда иқтисодий ривожланиш борасида қатор муваффақиятларга эришганини маълум қилди. «Биз инсон ҳуқуқлари миллий тизими ва мустақил суд тизимини мустаҳкамлаш йўлида сезиларли қадамларни ташладик; мамлакатда эндиликда болалар ва мажбурий меҳнат қўлланилмаяпти», деди у. Доимий вакил, шунингдек, иқтисодиётни либераллаштириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари кўрилганини қайд этди.

    Бахтиёр Ибрагимов Марказий Осиёдаги вазият «бугун бир неча йил аввалги даврдан кўра анча яхши»лигини таъкидлади. Минтақа давлатлари ўртасида юқори даражада ишонч муҳити қарор топди, қўшнилар ўртасида муносабатлар бутунлай яхшиланди.

    Шундай бўлса-да, вакилнинг сўзларига кўра, дунёдаги вазият тобора беқарорлашиб бормоқда, ҳар томонлама муносабатлар эса қайта-қайта синовга дуч келаяпти. Шу нуқтаи назардан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ролини мустаҳкамлаш, бунда, жумладан, Хавфсизлик кенгашини «давр талабларидан келиб чиққан ҳолда» ислоҳ қилишга чақирди.

    Бахтиёр Ибрагимов маълум қилишича, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021—2023 йилларда  аъзо бўлиш учун ўз номзодини илгари сурган. У, шунингдек, БМТ аъзоларидан Ўзбекистон Президентининг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган резолюцияси қабул қилинишини қўллаб-қувватлашга чақирди.

    Тузатиш: БМТ Янгиликлар хизмати бошида Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик кенгашига муваққат аъзо бўлиш учун ўз номзодини илгари сурди, деб берилган эди. Кейин тўғирланди.