Ўзбекистонда биринчи марта ватандошлар билан ишлаш бўйича давлат сиёсати концепцияси қабул қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини имзолади.

Қарор билан Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати Концепцияси ҳамда Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. 

Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсати Президент томонидан белгиланади ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади

Қарорда ватандошлар билан ҳамкорликнинг даражаси ва шаклидан келиб чиқиб, уларга давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари кўрсатилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.

Жумладан, ватандошларга кириш визаларини, шу жумладан, кўп маротабалик ва узоқ муддатли визаларни соддалаштирилган ҳолда расмийлаштириш, қақтинчалик яшашга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун рухсатнома бериш кўзда тутилаяпти.

Юқори малакали кадрлар Ўзбекистонда зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ишга олинади.

Ижтимоий ва маиший масалаларни ҳал қилишга ёрдам берилади.

Давлат тасарруфидаги бўш турган объектлар ва ер майдонлари ватандошларга тадбиркорлик, илмий-тадқиқот, маърифий, инновацион ва бошқа дастур ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиб берилади.

Ватандошларнинг ўқиши, иши ва бошқа ижтимоий масалалари тўлиқ (қисман) молиялаштирилади.

Ватандошлар орасида юқори малакали мутахассислар давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлат ташкилотларига раҳбарлик лавозимларига, шунингдек, ушбу ташкилотлар раҳбарларининг консультанти (маслаҳатчиси) сифатида жалб қилинади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилган соддалаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилади.

Ватандошлар – хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти, тарих, кино, маданият, театр санъати, телевидение ва радио йўналишлари бўйича таълим олишлари учун грантлар ажратилади.

Ватандошларнинг оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтиши соддалаштирилади.

Ўзбекистон Республикасининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшган ватандошларни давлат мукофотлари ва фахрий унвонлар билан тақдирланади.